Таъкидлаш жоизки, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бугунги куннинг долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади. Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, ўзаро келишмовчиликлар оқибатида оилаларнинг ажралиши ҳолатларини йилдан йилга ўсиши - ўз навбатида, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда. Жумладан, 2015 йилда алимент ва моддий таъминот ундирувлари бўйича жами 207 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 402 мингтани ташкил этиб, кейинги 6 йил давомида иш юритувдаги алимент бўйича ҳужжатлар 94 фоизга ўсганлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Бюро органлари иш юритувида 300 мингдан ортиқ алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 120 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда. Ёки, содда қилиб айтганда келиб тушаётган 193 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 116 мингдан зиёди (60,1 фоизи) алиментга оид мурожаатлардир.
Ишсизлик оқибатида алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилгани боис қарздорларни давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда имконият даражасида ишга жойлаш чоралари кўрилди. Натижада, 47 минг 500 дан ортиқ (шундан 1,7 мингтаси январь ойида) алимент тўловчилари бандлиги таъминланиб, ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган амалий тадбирлар самараси ўлароқ, 23 минг 300 дан ортиқ оилалар яраштирилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 127 млрд. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 6,5 млрд. сўмлик (50 та) уй-жой ва 1,6 млрд. сўмлик (20 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан 2021 йил 1 мартдан алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратилди. Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 295 минг алимент олувчи ҳамда тўловчи шахслар ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро ҳаракатларини “онлайн” режимда танишиб боришлари мумкин. Ҳозирда ҳам алимент олувчи фуқаролар номига банк ҳисоб-варағи очилиб, уларга 146 мингдан ортиқ пластик карточкалар тарқатилди.
Таҳлилларга кўра, 2021 йил давомида алиментни ўз вақтида тўламаган қарздорларга нисбатан 8.345 та маъмурий ва 591 та жиноят ишлари қўзғатилган. Судларга юборилган 900 дан ортиқ маъмурий материал бўйича қарздорларга жазо қўлланилмаган. Бунинг асосий сабабларидан бири - ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахслар суд жараёнларида, ўз масъулиятини ҳис қилиб, алиментдан бўлган қарздорликни тўлиқ тўлаб беришган.