“Йилнинг энг яхши нотариуси” ва “Йилнинг энг яхши Нотариал палата ходими” кўрик-танловларининг ҳудудий босқичлари жойларда жорий йилнинг 16 ноябридан 25 ноябргача ўтказилиб, республика босқичи иштирокчилари аниқлаб олинди.

Танлов иштирокчилари - нотариуслар томонидан якуний босқичнинг 1-шартига кўра танлов ҳайъатига уларнинг фаолияти ҳақидаги 3 дақиқали видеороликлар тақдим этилди. Иккинчи шарти Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, нотариусларнинг жавоб беришда ҳозиржавоблиги, жавобларнинг қисқа ва лўнда эканлигига эътибор қаратилди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси келаси йилнинг январь ойида 4 ёшга тўлади. Бугунги кунда Палатага аъзо бўлган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сони 1000 нафарга яқинлашиб қолди. Палата раиси Дилшод Ашуров тадбирда сўзлаган кириш сўзида фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариусларни рағбатлантириб бориш, нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат нуфузи яхшиланишига ҳисса қўшиш Палатанинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нотариуслар ушбу танловга катта тайёргарлик, кўтаринки руҳ билан иштирок этмоқдалар. Адлия вазирлиги ходими Ўткир Тўйчиев, Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Севара Марипова, Палата раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг холис ва шаффоф олиб борилишига эътибор қаратдилар.

Мана кутилган дақиқалар ҳам етиб келди. Танлов иштирокчилари орасида билимли ва ҳозиржавоб иштирокчи деб топилган Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Наргис Мейлиева 1-ўрин, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Бекзод Ғаффоров 2 ўрин, Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Шоҳрух Худойбоқов – учинчи ўринга муносиб деб топилдилар. . Уларга Палатанинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари – компьютер жамламаси, телевизор ҳамда принтер тантанали топширилди.

“Энг яхши Нотариал палата ходими” танловида 1-ўрин Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Зафар Жўраевга. 2-ўрин Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош маслаҳатчиси Зулфия Османовага, 3 ўрин Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Фурқат Акмалиддиновга насиб этди. Ғолибларга диплом тақдим этилиб, молиявий рағбатлантирилдилар.

