Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги кунда долзарб экологик муаммоларга эътибор қаратиш, хусусан, республика ҳудудидини янада кўкаламзорлаштириш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш, чиқиндилар билан ифлосланишни камайтириш ва бошқа масалаларга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2024 йилда ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилда жами 224 млн туп: баҳорги кўчат экиш мавсумида 138 млн туп, кузги мавсумда эса 86 млн туп кўчат экилди. Шунингдек, йирик саноат корхоналари ҳудудлари ва атрофида 5,3 млн туп дарахт кўчатларини экиш орқали “яшил белбоғ”лар ташкил қилинди.
“Очиқ бюджет” тизими орқали “Менинг боғим” лойиҳаси ишга туширилиб, фуқаролар томонидан ташаббус билдирилган 215 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва “Яшил боғ” ҳамда “Яшил жамоат парклари” барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Қолаверса, атмосфера, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш борасида 138 та саноат корхонасида самарадорлик даражаси юқори бўлган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди ва мавжудлари модернизация қилиниши натижада атмосфера ҳавосига 6,5 минг тоннадан ортиқ зарарли ташламалар ташланишининг олди олинди.
Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба кунида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси ўтказилиб, тадбир доирасида жамоат транспортидан фойдаланиши орқали 800 мингга яқин транспорт воситаларидан фойдаланмаслик эвазига 2 320 тонна зарарли ташламаларнинг атмосферага ташланишининг олди олинди.
Шу билан бирга, “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирлари давомида 407 мингта автотранспорт воситаси экологик назоратдан ўтказилди. 93 та корхонада локал оқова сув тозалаш иншоотлари қурилди ва реконструкция қилинди. 803 та автомобиль ювиш шохобчалари ўз-ўзига хизмат кўрсатишга ўтказилиб, 1 161 та шохобчалар оқова сув тиндиргичлар билан жиҳозланди.
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи I-IV тоифага мансуб 19 573 та объект давлат экологик экспертизасидан ўтказилди. 688 та корхонанинг атроф-муҳитни ифлослантирувчи 3 276 та манбаасида экологик мониторинг ўтказилди.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган 2 000 гектар ер майдонлари рекультивация қилинди.
Бундан ташқари, биохилмахилликни сақлаш соҳасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг рўйхатдан ўтмаган 61,2 минг гектар ерлари тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилди. 97 та ўсимлик тури, 106 та ҳайвон тури ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги 46 та объектнинг геоахборот маълумотлари Миллий геоахборот тизимига киритилди.
Сунъий йўлдош суратлари орқали 254,1 млн дона дарахтларнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди. 600 мингдан ортиқ дарахтларнинг паспорти шакллантирилиб, тўлиқ параметрлари бўйича маълумотлар электрон платформага киритилди.
Энг муҳим воқеликлардан бири, 2024 йилнинг 12-17 февраль кунлари БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференцияси 14-йиғилишининг (COP-14) Самарқандда ўтказилганидир. Шунингдек, Қизил китобга киритилган ҳайвонот объектларига етказилган зарарни ундириш суммалари 10 бараварга, ўсимликларга — 5 бараварга, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарималар 5 бараварга оширилди.
2024 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 44,5 минг нафар шахслар аниқланди. Қонунбузарларга 49 млрд сўм маъмурий жарима ва 14 млрд сўм етказилган зарарлар ҳисобланди. 94 мингдан ортиқ корхона ва фуқароларга соҳага оид профилактика тадбирлари ўтказилди.
Экологик вазиятни яхшилаш борасида яна қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, GREEN CITY INDEX услубиёти асосида 13 та ҳудуднинг маъмурий маркази ва Тошкент шаҳрининг экологик паспортлари ва экологик рейтинги шакллантирилди. Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг экологик “мастер-режа”лари ишлаб чиқилди.
Аҳолини шаҳарлар экологик барқарорлигининг жорий рейтинги тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек, фуқароларга шаҳарларда атроф-муҳитни яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатлардан (экологик бош режалар ва экологик паспортлар) фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида greencities.uz онлайн платформаси ишга туширилди.
Марказий Осиёда дастлабки экологик муаммоларга илмий ечим топишга қаратилган илмий университет Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолияти ташкил этилди.
Чиқиндиларни бошқариш соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида хусусий сектор улуши 65 фоизга етказилди. Чиқинди хизматларига тўлов қилишда “Тоза Макон биллинг” дастурий тизими жорий қилинди.
Чиқинди корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 400 млрд сўмлик 346 та махсус техникалар лизинг асосида етказиб берилди.
Чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини жорий қилиш мақсадида 414 та замонавий чиқинди йиғиш майдончалари реконструкция қилинди ва 26 та замонавий майдончалар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ҳолатларини аниқлаш мақсадида 110 та назорат камералари ўрнатилди.
“Sayar LLC” компанияси (АҚШ) томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухорода 6 минг тонна тиббиёт чиқиндиларини термик қайта ишлаб, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида 2024-2025 йиллар давомида 7 миллион доллар жалб этиб, йилига 6 минг тонна тиббиёт чиқиндиларини термик қайта ишлаб, 20 ГВт соат/йил, 2026 — 2030 йилларда 108 миллион доллар жалб этиб, йилига
90 минг тонна тиббиёт чиқиндиларини термик қайта ишлаб, 300 ГВт соат/йил қувватга эга ускуналарни ишга тушириш кўзда тутилган.
Республикада экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 222 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилиб, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 8,1 фоизга (3,65 млн гектар) етказилди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида 215 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо қилиниб, уларнинг майдони 1,9 млн гектарга етказилди. Чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида чўлланиш ва қум кўчиши, сув
ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадида 1000 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари (иҳота) барпо этилди.
Барвақт огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида 20 та гидрологик постлар замонавий автоматик сув ўлчаш ускуналари билан жиҳозланди.
“Замин” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда 8 та автоматик станциялар Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида ўрнатилиб, олинган маълумотлар monitoring.meteo.uz веб-сайтида ҳар 10 дақиқада янгиланиб борилмоқда.