АОКАда ўтказилган брифингда Уй-жой фонди инспекцияси раҳбари Азлар Содиқов жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уйларни сақлаш ва уларни бошқаришни назорат қилиш бўйича 5 та йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
— Кўп квартирали уйлар ва унга туташ ҳудудларда жами 11 778 та ноқонуний қурилмалар аниқланган бўлиб шулардан, 3 500 тасига 6,0 млрд.сўм маъмурий жарималар қўлланилган ҳамда 6 800 таси мулкдорларнинг ўзлари томонидан аввалги холатига қайтарилган.
— Янги уйларни фойдаланишга қабул қилиш ва реконструкция қилиш бўйича хулосалар олиш мақсадида қурилиш ташкилотлари томонидан 1055 та аризалар келиб тушган. Шундан, янги уйлардан фойдаланиш учун 488 та аризаларга ижобий хулосалар берилган. Қолган 567 та аризаларга тегишли уйлар фойдаланишга тайёр эмаслиги учун рад этиш хулосалари берилган.
— Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи жами 1000 га яқин бошқарув органлари фаолияти ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра 250 та уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан жами 20 млрд.сўм маблағларни талон-тарож ёки уй-жой мулкдорларига зарар етказганлиги аниқланди. Шундан, 50 га яқин ширкат рахбарларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиб 700 млн.сўмга яқин маблағлар ширкатлар хисобига қайтарилган.