Халқ манфаатини таъминлашга қаратилган бундай ислоҳотлар бугун янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади. Давлат хизматлари марказлари эса халқ ва давлат идоралари ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажармоқда.  

Айни пайтда 200 дан зиёд Давлат хизматлари марказлари юртимиз аҳолисига қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиб келмоқда. Давлат хизматлари турлари аввал 37 та бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 157 тага етказилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида давлат хизматларидан фойдаланган фуқаролар сони 30 миллиондан ошди. Бекобод шаҳар “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Равил Тинчурин давлат хизматларини олишди 30 миллионинчи мижоз бўлди. Равил акага Бекобод шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан  иш ҳақи миқдори ва иш стажини ҳисоблаш тўғрисидаги архив маълумотини олиш бўйича давлат хизмати кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида илғор натижаларга эришган соҳа мутахассислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Мустақил Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ташкил этилган уч авлод учрашувида Равил Тинчурин “30 миллионинчи мижоз” сифатида тантанали равишда тақдирланди, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.