Ўз муаммолари билан рўйхатга олинган хотин-қизларнинг ҳунар ўрганиб, ўзи ёқтирган касбни мукаммал эгалламоқчи бўлган, касбини ривожлантиришни хоҳлаганларнинг бандлиги таъминланмоқда. Туман ҳокимлигининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида “Аёллар дафтари”га киритилган 44 нафар хотин-қизга ўзини ўзи банд қилиш мақсадида замонавий тикув машиналари совға тариқасида тарқатиб берилди.
— Бу йилги мустақиллик байрами бизлар учун қўшалоқ байрам бўлиб келди, — дейди Беруний тумани Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилдора Қурбанова. — Кўпдан буён тикув машинам бўлишини орзу қилардим. Байрам арафасида бизга берилган тикув машинаси байрамга ажойиб совға бўлди.
Субсидия асосида берилган тикув машиналари ҳар бир аёлнинг ўзини-ўзи иш билан банд қилиб, оиласига қўшимча даромад келтириш имкониятини яратади.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири