Обираҳмат ғоридан топилган ушбу тош қуроллар ўрта палеолит даврига (милоддан аввалги 100-40 минг йилликка) мансуб бўлиб, Марказий Осиё ҳудудида инсон фаолиятини ўрганишда муҳим илк археологик манбадир. Ушбу топилмалар асосан чақмоқтошдан ясалган, айрим намуналарда кварцит ва бошқа мустаҳкам тош жинсларидан ҳам фойдаланилган.

Қуроллар уриб йўниш ва қирқиб шакл бериш усуллари орқали тайёрланган. Улар орасида пичоқсимон пластиналар, қирғичлар, тешгичлар, найза ва камон ўқлари учи каби турли функцияга эга ашёлар мавжуд. Мазкур қуроллар қирқиш, тешиб ўйиш, ҳайвон терисини ишлаш, ёғочга ишлов бериш, суякни парчалаш ҳамда ов қилиш жараёнларида кенг қўлланган.

Шунингдек, микролитлар, яъни кичик ўлчамли, ўта учли тош қуроллар ҳам ибтидоий инсон тафаккурининг муҳим ютуқларидан бири сифатида эътироф этилади. Улар, ­айниқса, мезолит ва неолит даврларида кенг тарқалган бўлиб, мураккаб композицион қуроллар, масалан, ёғоч ёки суяк асосга жойлаштирилган ўқлар учини тайёрлаш имконини берган. ­Хомашё сифатида чақмоқтош, кварцит ва обсидиан каби жинслар ишлатилган.

Мазкур археологик материаллар ибти­доий одамларнинг овчилик хўжалиги, меҳнат малакаси ва технологик тажрибаси муайян даражада ривожланганини кўрсатади. Улар инсоннинг табиат неъматларидан онгли ва мақсадли фойдаланишни ўргангани, меҳнат жараёнида тажриба тўплаб, қуролсозлик анъаналарини такомиллаштирганини яққол намоён этади.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири