Урушнинг қора кунларини чустлик Раҳмонжон ота Раҳимжонов ана шундай хотирлайди.

1926 йил Чуст туманида туғилган Раҳмонжон бобо уруш бошланишидан олдин ҳам оғир кунларни кўрган. Отанинг болалик даври очарчилик, қийинчиликларда ўтган. Тошкент вилоятининг Оққўрғон вилояти (ҳозирги Секизбаев)даги қариндошлариниикида тирик қолиш, бир кунлик қорин тўйиш ғамида 7 йил савхозда ишлади.

Ҳарбий хизматга шу ердан 1940 йилнинг октябрида жўнади.

– Бу ёруғ кунларда туриб ўтмиш кунларни эсласам юрагим хапқириб кетади. Ўша онларда мана шундай саодатли кунларга етишишни ўйлашнинг ўзини ақл бовар қилмас эди, - дейди уруш қаҳрамони. – 900 кун Ленинград шаҳри қамалда қолди. Бир суткада 125 граммли қора нон энг тансиқ таомимиз бўлган. Қалъа ёқалаб оқиб ўтадиган Лабога кўлини биз “ҳаёт йўли”, деб атардик.

Она Ватан тинчлиги йўлида сабот ва матонат билан ёвга қарши курашган ёш ҳарбий уруш йилларида орден ва медаллар билан тақдирланган.

Юртга қайтган сафдошлари қатори бобо 1946 йилнинг июнь ойида Чустга келиб, маҳалласи, оиласи бағрини тўлдирди.

Р.Раҳимжонов рафиқаси раҳматли Гулсунби ая Аҳмедова билан 7 фарзандни улғайтириб, вояга етказди. Чустнинг “Сероб” маҳалласида истиқомат қилаётган уруш қатнашчисининг файзли хонадони 22 набира ҳамда 20 дан зиёд эвараларга тўлган.

Отахон шундай доруломон кунларда осуда ҳаёт учун шукрлар айтиб яшайди. Бу йил 100 ёшни қаршилаган қаҳрамонимиз ҳали навқирон, тетик, нигоҳлари ўткир. Мўътабар ёшда ҳам қўлдан китоб, журнал тушмайди.

 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ота хонадонига вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров ташриф буюриб, Президентимизнинг байрам табриги ва совғаларини топширди.

                                                                                                Улуғбек РЎЗИМАТОВ