Учрашувларда икки халқ ўртасидаги мустаҳкам алоқалар, дўстлик, қардошлик муносабатлари яққол намоён бўлди. Республика “Киночилар уйи”да режиссёр Шуҳрат Маҳмудовнинг қозоқ халқи буюк шоири, маърифатпарвар аллома, қозоқ классик адабиёти асосчиси Абай Қўнонбой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Абай сўзи” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Намойиш аввалида икки қардош халқнинг тарихан муштарак орзу-умидлари, мустаҳкам ҳамдўстлик алоқалари эътироф этилди. Айниқса, икки ҳамдўст давлат раҳбарларининг оқилона ва дўстона сиёсати икки элни янада яқинлаштиргани алоҳида таъкидланди. Қозоқ миллий либосларидаги нуроний уламолар, оқинлар,  сулув қизлар тадбирга алоҳида файз бағишлади.  

Учрашувларда қозоқ халқи вакилларинниг мамалактимиздаги тинч ва осойишта ҳаёти, ўз тили, дини, ва эътиқодини эмин-эркин амалга ошириши учун барча шароитлар яратилгани ҳам алоҳида эътироф этилди.  

- Абайдек буюк қозоқ алломаси ҳақида Ўзбекистонда фильм яратилиши халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг  янги поғонасидир, қозоқ миллатини, Абайни хурмат қилган ўзбек халқига биз ҳам таъзимдамиз - дейди Ўзбекистон-Қозоғистон миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб барча ўқув юртларида ҳам “Абай сўзи” ҳужжатли фильми намойиш этилмоқда. Фильм орқали ёш авлод онгида болаликданоқ икки давлат ўртасида ҳамдўстликни, қон-қардошликни сингдириш, дини, эътиқоди бир,  миллий анъаналари бир-бирига яқин ва муштарак бўлган икки  миллат болаларини ушбу анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш кўзда тутилган.

Режиссёр Шухрат Маҳмудов кинокартинада қозоқ миллати руҳиятини очиб беришга ҳаракат қилган ва  ўша давр муҳитини олиб кирган. Фильмда декорация учун фойдаланилган ўтов, нақшинкор либослар, чолғу асбоблари барчаси қозоқ миллатининг бой маънавий меросини ифодалаб турибди. 

“Абай сўзи” хужжатли фильми ўзбек ва қозоқ томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинмоқда.