Унда ёзувчию шоирлар, адабиётшуносу ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Кейинги йилларда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёш мунаққидларни тарбиялаш, уларнинг адабий танқид йўналишидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида Республика ёш ижодкорларининг 2021 йилда ўтказилган Зомин семинарида 4 нафар ёш мунаққид фаол иштирок этди, бир нафар ижодкорнинг илк тўплами “Биринчи китобим” лойиҳасида нашрга тавсия этилди.

Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг “Маоний аҳлининг соҳибқирони” асари 2021 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши асари” танловида адабий танқид йўналиши бўйича мукофотга лойиқ, деб топилди.

Йиғилишда адабий танқидга доир китоблар тўғрисида филология фанлари доктори Сувон Мелининг, адабий нашрларда эълон қилинган адабий-танқидий мақолалар ҳақида филология фанлари доктори, профессор Илҳом Ғаниевнинг, мумтоз адабиётга доир китоблар ва мақолалар хусусида филология фанлари доктори Зебо Қобилованинг, интернет нашрларида эълон қилинган адабий танқидга доир мақолалар ҳақида филология фанлари бўйича фалсафа доктори Саъдулла Қуроновнинг маърузалари тингланди.

Ўтган йил давомида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётига доир 30га яқин монография ва рисолалар, 500 га яқин адабий-танқидий мақолалар нашр этилган. “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Ёшлик” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ҳуррият” каби газеталарда нашр этилган адабиётшунослик ва адабий-танқидга доир мақолалар таҳлил этилди. Хуршид Даврон кутубхонаси, ziyouz.com, oyina.uz каби интернет сайтларидаги адабий-танқидга оид материаллар эътироф этилди.