Гурна “Мустамлакачиликнинг оқибатлари, қочқинлар тақдирини муросасиз ва кўнгилчанлик билан ўргангани учун" мукофотланган.

Aбдулразак Гурна 1948 йилда Занзибар оролида туғилган. 20 ёшида у Буюк Британияга кўчиб ўтади. Кент университетида докторлик унвонини олади ва айни пайтда мазкур университетда инглиз тили бўлимининг аспирантурасига раҳбарлик қилмоқда.

У адабий дебютини 1987 йилда “Кетиш хотираси” романи билан бошлади. Ҳаммаси бўлиб, унинг ўнта китоби бор. Энг машҳур китоблари “Жаннат” (1994) ва “Денгиз бўйида” (2001) Booker мукофоти рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Гурна замонавий постколониал ёзувчилар ҳақида бир қанча тадқиқотлар ёзган.

Нобел ҳафталиги 4 октябрда бошланган эди. Мукофотлар ажойиб илмий изланишлар, инқилобий ихтиролар, маданият ёки жамият тараққиётига қўшган катта ҳиссаси учун берилади. Тиббиёт ва физиология, физика, кимё, адабиёт, иқтисод ва жаҳон тинчлигини тарғиб қилиш соҳасидаги энг яхши ишлар ушбу мукофотга лойиқ кўрилади.

Ғолиблар диплом, олтин медал ва пул мукофотига эга бўлишади. Бу йил пул мукофоти ўн миллион швед кронаси (тахминан 1,2 миллион доллар) миқдоридаги маблағни ташкил этди.