Асл Сирдарёлик 31 ёшли Юлдуз исмли аёл 2011 йил турмуш ўртоғи ортидан Россия Федерациясига ишлаш учун жўнаб кетади. У ерда халқаро террористик ташкилотларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб, 2012 йил сентябрда 3 нафар фарзанди билан аввал Эрон Ислом Республикасига, кейин Покистонга ва шундан сўнг Сурия давлатига жўнатилади.
Суриянинг Шадодий аҳоли пунктида яшаб юрган пайтида унга турмуш ўртоғи қуролли тўқнашувда вафот этганини айтишади.
«Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти жангариси, асли Ўзбекистонлик бошқа бир давлат хоини бўлган шахсга турмушга чиқади. 2015 ва 2016 йилларда яна 2 нафар фарзанди дунёга келади. 2020 йилнинг март ойида у шаръий никоҳида бўлган турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлади.
«Меҳр-3” дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, диний экстремистик ғояларга ишониб тўғри йўлдан адашган фуқаролар орасида Сурия давлатидан Ўзбекистонга қайтарилган Юлдуз ота-онаси бағрига Сирдарёга қайтарилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.