Самимий руҳда кечган мулоқотда бугунги адабиётда замонавий ўзбек божхоначисининг қиёфаси деярли акс этмаётгани таъкидланди.
– Келгуси йил 26 январда 30 йиллигини нишонлайдиган давлат божхона хизмати органларининг шарафли ва шу билан бирга машаққатли фаолиятини байрам арафасида насрий ва шеърий асарларда, бадиий бўёқларда акс эттириш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов. – Шу боисдан учрашувда божхонанинг мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, гиёҳвандликка қарши кураш, контрабанда ва божхона қонунбузилишларининг олдини олиш йўналишидаги фаолиятини адабий-бадиий асарларда мазмунан пишиқ ва пухта очиб бериш юзасидан ўзаро таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди. Жумладан, хизмат вақтида халок бўлган қаҳрамон божхоначилар сиймосини гавдалантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, учрашувда таниқли шоирлар Салим Ашур, Қўчқор Норқобил ва Сирожиддин Рауфлар божхоначиларга ўз шеърларидан ўқиб беришди.
Тадбир сўнггида ижодкорлар ва божхоначилар ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Меҳмонлар “Божхона тарихи” музейи билан танишишди ва фахрий меҳмонлар китобига ўз дастхатларини қолдиришди.