Фармон билан адлия тизимини такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кўпайтириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, ҳужжатда юридик таълимни янада ривожлантириш ва бу борада Тошкент давлат юридик университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилди.
Хўш, Фармонда белгиланган вазифалар адлия тизими ва юридик таълим ривожига қай даражада таъсир кўрсатади? Умуман олганда, ҳужжатда яна қандай вазифалар белгилаб берилган? Шу ва бошқа саволлар билан Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Хайитжон Турдиевга мурожаат қилдик.
— Хайитжон ака, аввало, мазкур Фармоннинг қабул қилиниш мақсади ва мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтсангиз.
— Авваламбор, шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида халқчил ва самарали давлат бошқарувини қуриш мақсад қилинган. Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда маъмурий ислоҳотлар ҳам амалга оширилди. Давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари билан давлат бошқарув органлари фаолияти янада такомиллаштирилди ва оптималлаштирилди, бир-бирини такрорловчи вазифа-функциялар эса қисқартирилди.
Шулар доирасида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси, маъмурий ислоҳотлар бўйича амалга оширилаётган ишлар давоми сифатида Адлия вазирлиги, жумладан, адлия органларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида, уларнинг бошқарувини янада ихчамлаштириш, халқчиллигини таъминлаш, ҳудудларга чиққан ҳолда фуқаролар олдидаги масъуллигини кучайтириш мақсадида бу фармон қабул қилинди.
Фармоннинг умумий мазмунига тўхталсак. Биринчи навбатда адлия органлари тизимида уларга янги қўшимча фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Мисол учун аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чораларни кўриб бориш, шу билан бирга жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш. Эндиликда адлия органлари бевосита ҳудудларда ўз фаолиятини самарали йўлга қўйиши, ҳуқуқий хизматлар қамровини ошириши учун туман, шаҳар, чекка ҳудудлардаги адлия бўлимларининг ҳам вазифалари янада кенгайтирилди.
Жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган жуда кўплаб долзарб муаммолар бор. Айнан мана шу муаммоларни ҳар ойда маҳаллада адлия куни тадбирларини ташкил этиш орқали ҳал этиш вазифаси юклатилди.
Яна бир муҳим масала: биз ҳуқуқий давлат қуриш мақсадини Конституциямизнинг 1-моддасида белгиладик, бу эса жамиятнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти билан боғлиқ. Янги қабул қилинган қонун, қарорларни аҳолига етказиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш учун маҳалла ҳуқуқшуноси лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Бу лойиҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида раисларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириб бориш, умуман, аҳолини қийнаётган муаммоларни маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш, тизимли камчиликларни бартараф қилиш мақсад қилинган.
Фармонда мактабдан тортиб олий юридик таълим муассасаларида ҳам юридик таълимни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
— Фармонда ёшларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир қилувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантиришга қаратилган қандай вазифалар белгилаб берилган?
— Мазкур Фармонда муҳим бир ғояни гувоҳи бўламиз: «Мамлакат келажаги қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан». Ғоянинг асосий мақсади — ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, улар ўртасида қонунга нисбатан ҳурмат руҳиятини шакллантириш ва натижада ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети ва юридик техникумларга бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Биринчидан, ёшларда ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда мамлакатимиз тақдирига дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;
Иккинчидан, адлия муассасаларига ёшлар ташрифини ташкил этиш орқали «Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам» тадбирларини ўтказиб бориш;
Учинчидан, ҳуқуқшунослик касбининг обрўсини, жамиятдаги нуфузини ошириш, умуман, ёшларимизнинг бу касбга нисбатан ҳурмат, фахр туйғуларини шакллантириш бўйича амалий тадбирлар ташкил этиш.
Мисол сифатида, ҳозирда Тошкент давлат юридик университетига қабул қилиш имтиҳонлари ҳам ҳуқуқшунослик фанларидан амалга оширилмоқда. Мактабларда ҳуқуқ фанларини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Тошкент давлат Юридик университети бу борада етакчи муассаса сифатида ўзининг ҳиссасини қўшиб келяпти.
Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий саводхонлик мактабини ташкил этиш масаласи ҳамда ҳуқуқий билимлар ойлиги доирасида турли танловлар, семинар-тренинглар ташкил этиб, таълим муассасаларида ҳуқуқий мавзуларга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби вазифалар белгилаб берилди.
— Фармонга кўра, таълим муассасаларида юридик таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган қандай вазифалар ва янгиликлар белгиланган?
— Бутун жамиятимиздаги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражаси бевосита таълим-тарбия жараёни билан боғлиқ. Мактаб ўқувчилари 8-11-синфларда давлат ва ҳуқуқ асослари фани орқали ўзларининг фуқаролик кўникмалари, бурч, ҳуқуқлари ҳақида маълумотларга эга бўлишади. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳам фармонда ўз аксини топган. Масалан, мактабларда ҳуқуқ синфи ва ҳуқуқ фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўтиш белгиланди. Энди мактабларда ҳуқуқ синф хоналари яратилади. Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университетининг ташаббуси билан Андижон вилоятида намунавий ҳуқуқ синфи яратилган эди. Шу тажриба ижобий баҳоланиб, республика бўйлаб бошқа мактабларда ҳам ҳуқуқ синфи лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Болалар синфга кирганда ҳуқуққа оид илк тушунча, билимларни олишлари мумкин бўлади.
Фармонда белгиланган яна бир муҳим масала шуки, «мактаб — лицей — техникум — университет» тизими жорий этилгани бўлди. Энди Самарқанд, Наманган вилоятлари юридик техникумлар негизида университетимизнинг академик лицейларини ташкил этилади, иқтидорли битирувчиларни суҳбат асосида университетга қабул қилиш амалиёти жорий этилади ва бу бўйича тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юклатилди.
— Фармонда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда илмий ёндашувларни кенг жорий этиш мақсадида Тошкент давлат юридик университетига бир қанча вазифалар белгилаб берилди. Шу вазифалар мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтсангиз.
— Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда илмий ёндашувни жорий қилиш, таҳлил қилиш самарадорлик, сифатни оширишга имкон беради.
Университет олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири — адлия органлари ва муассасалари фаолияти, давлат хизматларини кўрсатиш, ҳуқуқий хизматлар, суд экспертиза, архив иши, иш юритиш соҳаларини комплекс илмий тадқиқ этиш. Яъни давлат бошқарувини муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида илмий жиҳатдан таъминлаш вазифаси юклатилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ишлари самарадорлигини ҳуқуқий тадқиқ этиш вазифаси ҳам берилди. Бир неча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан аҳоли ҳуқуқий онгини, шу борадаги ишларни баҳолаш индикаторлари қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан платформа асосида Адлия вазирлиги жойлардаги ташкилотларнинг шу борадаги фаолиятини баҳолаб боради. Лекин бу ишларнинг самарадорлигини яна оширишимиз керак.
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятга қўйиладиган минимал стандартлар мавжудми ўзи? Масалан, 14-18 ёшли болалар ҳуқуқий онгида қандай минимал талаблар бўлиши керак, 18 ёшдан ошганлардачи? Бу нарса, албатта, илмий, таҳлилий ёндашувни талаб қилади. Бу ишлар мазкур фармон орқали янада кучаяди деб ўйлаймиз.
Бундан ташқари, ҳуқуқшуносликнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотлар олиб боришни кенгайтириш, юридик таълим, ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш соҳаларида илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишни кенгайтириш масаласи белгилаб берилди. Тошкент давлат юридик университетига энди жойларга чиқиб, шу муаммоларни ўрганиб тадқиқ этиш, таклифлар орқали ҳал этиш бўйича тизимни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган.
— Фармонда Тошкент давлат юридик университетининг фаолиятини такомиллаштириш борасида қандай чора-тадбирлар кўзда тутилган?
— Фармонда университет фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, чора-тадбирлар режасида университет фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган вазифалар белгилаб берилди.
Биринчиси, Тошкент давлат юридик университети фаолиятини, таълим дастурларини, таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш, таълим технологиялари, ўқитиш методикасини халқаро стандартларга мувофиқ трансформация қилиш вазифаси белгиланди. Университетда алоҳида шу масалага бағишлаган бўлим мавжуд ва фаолият олиб боряпти, ишлар йўлга қўйилган. Фармон асосида бу ишлар янада такомиллашади.
Трансформация жараёнига Буюк Британия Олий таълим сифатини таъминлаш агентлиги ва юқори академик салоҳиятга эга бўлган Буюк Британия университетлари орасидан ҳамкор университетни аниқлаган ҳолда, юридик кадрлар тайёрлаш бўйича инглиз стандартини жорий қилиш вазифаси белгиланди.
Энг муҳими, дарс жараёнларига хорижлик профессор-ўқитувчиларни кенг жалб қилиш. Ҳар бир кафедра ўз фанлари бўйича етук хорижий олимларни жалб қилмоқда. Улар университетимиз рейтинги янада ошишига ўз ҳиссасини қўшади.
Яна бир муҳим бир масала. Университетда мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш ва тадқиқот ўтказишга қаратилган замонавий педагогик технологияларни ва уларни ўқитишнинг илмий ёндашувларини жорий этиш ҳам белгилаб берилди.
— Фармонда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилиши мамлакатимизда адлия, юридик таълим, ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланишига қандай таъсир кўрсатади? Бу борада яна қандай янгиликлар кутиш мумкин?
— Фармонда назарда тутилган вазифалар, устувор йўналишларнинг амалга оширилиши нафақат адлия органлари тизими, уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга, фуқароларимизни қийнаётган муаммоларни жойларда ўз вақтида самарали ҳал этишга, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига, таълим тизимида ҳуқуқ фанларнинг ўрни янада ошишига, жамиятда қонунларга нисбатан ҳурмат руҳи янада кучайишига замин яратади.
Энг муҳими Конституциямизда мустаҳкамланган давлат раҳбарининг ғояси «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» тамойилини амалга ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
— Мазмунли суҳбат ва фойдали маълумотлар учун ташаккур!
Тошкент давлат юридик университети бош мутахассиси
Жавлон Вафоев суҳбатлашди