– Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)га 2017 йилнинг 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди;

– давлат органлари ва ташкилотлари томонидан расмий нашрларга («Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўплами» ва «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами») обуна бўлиш амалиёти тугатилди;

– давлат органлари ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатларини қоғоз шаклида махсус журнал ва ҳисоб варақаларида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинди;

– қонунчилик ҳужжатларининг ҳисобини юритиш, шу жумладан уларни назорат нусхаларини янгилаб туришни электрон шаклда амалга ошириш тартиби жорий этилди.

Юқоридаги ўзгаришларни инобатга олиб, Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларини давлат ҳисобига олишнинг янги тартиби тасдиқланди.

Ушбу соҳани тартибга солган иккита идоравий ҳужжат ўрнига “one in two out” тамойилига асосан битта ҳужжат қабул қилинди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритишнинг янги қоидаларида қуйидагилар белгиланган.

Биринчидан, барча турдаги қонунчилик ҳужжатлари Aдлия вазирлиги томонидан марказлаштирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу тартиб ҳужжатларнинг умумий сони бўйича аниқ статистикасини юритиш ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар динамикасини кузатиш имконини беради.

Ўз навбатида, давлат органлари фақат уларнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритадилар. Бу давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятлари билан боғлиқ ҳуқуқий ўзгаришлардан доимий хабардор бўлишларини таъминлайди. Тегишли рўйхат давлат идораларининг веб-сайтида жойлаштирилиши керак, шунда ҳар бир фойдаланувчи ҳужжатлар билан танишиши мумкин.

Иккинчидан, янги тартибга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари давлат ҳисобига олинади.

Уларнинг назорат нусхаларини юритилиши қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тўлиқ ва сифатли экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар масалалари, фуқаролик, афв этиш, сиёсий бошпана бериш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва олий ҳарбий ва махсус унвонларни бериш ва индивидуал тусдаги бошқа масалалар бўйича фармон ва қарор шаклида қабул қилинган ҳужжатлари ҳам давлат ҳисобига олинади.

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир тури ҳисобланади. Шу боис, уларда қандай масалалар кўтарилишидан қатъи назар, уларнинг барчаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Бу каби ҳужжатлар фақат давлат рўйхатидан ўтказилиб, уларнинг матнларини Lex.uz сайтида расмий эълон қилиниши талаб этилмайди.

Бунинг учун Адлия вазирлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун махсус ахборот базаси шакллантирилган.

Тўртинчидан, Lex.uz да эълон қилинган барча қонунчилик ҳужжатлари назорат ҳолатида сақланади. Яъни, ҳар бир қонунчилик ҳужжатида унга киритилган ўзгартиришлар ёки қўшимчалар ёки ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

Шу билан бирга, Aдлия вазирлигида қонунчилик ҳужжатларнинг назорат нусхалари қоғоз шаклида ҳам юритилади.

Бу борада, илгари матнга тегишли ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотлар ёпиштирилган бўлса, эндиликда қонунчилик ҳужжатига ўзгартириш киритишга асос бўлган ҳужжатлар рўйхати (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки бекор қилиш) унга илова қилинади.

Давлат идоралари ҳам ўз фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларнинг назорат нусхаларини юритишни шу тартибда олиб борадилар.

Мазкур ҳужжатнинг матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Ушбу ҳужжат 2021 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.