Президентимизнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлган учрашувида илгари сурган бир масала шахсан мени жуда тўлқинлантирди. Гап ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида борар экан, буни бутун Ўзбекистон халқи қўллаб-қувватлаши шубҳасиз.

Президентимиз айни масалага алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Асосий қонунимизга Ўзбекистонда ўлим жазоси тўла тақиқланади, деган алоҳида конституциявий норманинг киритилиши бу йўлда энг катта қадам демакдир. Тўғри, ўлим жазосини бекор қилиш масаласи ўз ечимини топган. Унинг Бош қонунимиздан ўрин олиши эса буни янада мустаҳкамлайди.

Мазкур ҳолатнинг нақадар муҳимлиги ҳақида айрим фикрларимни билдириб ўтсам. Инсонпарварлик ғоялари азалдан халқимизда улкан қадрият сифатида улуғланганини бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида келтирилган қуйидаги парчадан билиб олишимиз мумкин: “...ёмонга жазо бериш — гарчи қонун ва сиёсат юзасидан тўғри бўлса ҳам, аммо адолатли ҳукмдорнинг асл йўли — шафқат-мурувватдир. Бир шахс ўлимга қанчалик сазовор бўлса ҳам, унинг ўлимини орқага суриш, бу ҳақда шошмаслик яхши...”.

Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани Ўзбекистонда умуминсоний тамойиллар устуворлиги ва халқаро андозалар амалга жорий этилганини билдиради. Хусусан, Конституциямизнинг 13-моддасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшилган биринчи халқаро ҳужжат — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3-моддасида “Ҳар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгадир” деб белгиланган.

Шундай экан, жиноят содир этган шахсни жазолашдан кўзланган мақсад жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш эмас, балки уни тарбиялаш экани мамлакатимиз Жиноят кодексида ҳам ўз аксини топган. Келинг, ҳолат юзасидан машҳур француз адиби Виктор Гюгонинг парламент мажлисида ўлим жазоси ҳақида сўзлаган нутқидан олинган ҳаволани ўқиб, бир фикр юритсак: “Ўлим жазоси ваҳшийликка хос абадий белги, қаерда ўлим жазоси хуруж қилса, у ерда ваҳшийлик ҳукм суради, ўлим жазоси амалда бўлган жойда камдан-кам ҳолларда ривожланиш бўлади”.

Энди эса мазкур ҳолат юзасидан дунёдаги вазиятга эътиборингизни қаратсак: Филиппин ҳукуматининг маълумотларига кўра, 2016 йил 1 июлдан 2018 йил 30 ноябрга қадар гиёҳванд моддалар савдосига қарши ўтказилган амалиётларда 5050 киши қатл қилинган. Human Rights Watch ташкилоти бу рақам камида 12 мингга тенг, деб кўрсатган. Лекин таҳлиллар шуни кўрсатади-ки, ўн йилдан буён наркотрафикка алоқадор жиноятлар учун олий жазо тайинлаб келинган бўлса ҳам, ўлим жазоси гиёҳванд моддалар савдогарларини мутлақо қўрқувга солмаган. Harm Reduction International тадқиқот гуруҳи таҳлилчиси таъкидлашича, “мазкур жиноят учун қатл этилганларнинг аксарияти гиёҳванд моддаларнинг оддий ташувчиси ҳисобланади. Гиёҳванд моддалар савдосидаги ташувчиларни осонгина алмаштириш мумкин. Уларни йўқ қилиш наркобизнес моделига ҳеч қандай жиддий таъсир қилмайди”. 

Яъни Филлипинда ўлим жазосининг қайта тикланиши гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайишига ёрдам бермаган, аксинча жиноят кўпайиб, қатл этилган инсонлар сони ортган. Бундай ҳолат Малайзия, Вьетнам ва Эронда ҳам кузатилган. Мазкур давлатларда ҳар йили ўнлаб қатллар амалга оширилган, лекин гиёҳванд моддалар таъсирига берилиб қолган инсонлар сони наркотрафик учун ўлим жазосини бекор қилган давлатлардагидан сезиларли даражада кўп бўлган.

Ўлим жазоси белгиланган давлатларда коррупция ҳолати камаймаган, аксинча, бу жазо йўқ давлатлар коррупцияга қарши курашишда ижобий кўрсаткичларга эришганини кўриш мумкин. Масалан, Финляндия ва Дания давлатларида ўлим жазоси мавжуд бўлмаса-да, коррупция кўрсаткичлари жуда паст.

Юртимизда ўлим жазоси бекор қилингани инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқаро ҳуқуқ меъёрлари умумэътироф этилган тамойилларининг бажарилиши ифодасидир. Шунингдек, ўлим жазоси халқимизга хос кечиримлилик фазилатига ёт тушунча. Ундан кўра, жамиятимиз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган таълим, фарзандларимиз тарбияси, ёшларимиз ҳуқуқий онгини юксалтириш масалалари устида бош қотирсак жамиятимизда шу каби ёмон ҳиссиётлар вужудга келишига сабаб бўладиган инсонлар етишиб чиқишининг олдини олган бўламиз. Бу ҳақиқат янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсонпарвар, одилона сиёсатнинг марказий масалаларидан бирига айланиб улгургани, келажагимизга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Худоёр МАМАТОВ,

юридик фанлар доктори, профессор