Музокарада Ўзбекистонда аэропорт хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, ушбу йўналишда илғор Малайзия тажрибасини республикада жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
«Uzbekistan Airports» АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Жавлон Умарходжаев мамлакат аэропортларини ривожлантириш стратегияси ҳамда ДХШ асосида Бухоро халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқарув жараёнига хусусий шерикни жалб этиш механизми тўғрисида тақдимот ўтказди.
Шунингдек, мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳаси корхоналарини жаҳон авиаташувлари бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш учун ушбу соҳадаги трансформация жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, авиация хизматларини диверсификация қилиш орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати ва нархи бўйича аҳолига мақбул шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Малайзия Фуқаро авиацияси Бошқарма бошлиғи Ш. Абдул Жамил мамлакатимизда юқорида қайд этилган йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолар экан, «Malaysia Airports Holdings Berhad» компанияси ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича Малайзия компаниясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш ҳамда ДХШ тамойилларига мувофиқ модернизация ва бошқариш учун таклиф этилаётган аэропортларнинг мавжуд инфратузилмаси билан танишиш бўйича қўшимча музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.