Ўзаро мулоқот жараёнида қўшни давлат инвесторлари Ўзбекистоннинг жанубий регионида савдо-сотиқ, қурилиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти юзасидан дуч келаётган муаммолари ҳамда икки мамлакат ҳудудига эркин кириб-чиқиш учун виза очириш масаласида айрим тўсиқлар бўлаётганини баён этишди.

Учрашувда Шарифи Роман, Насрулло Инаятулло, Муҳаммаджавод Муҳамед ва бошқа афғон ишбилармонлари ҳам савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва импортидаги тўсиқлар бартараф этилса, хар икки томон учун манфаатли бўлишини таъкидлашди. Қўшни давлат инвесторлари билан учрашиб, уларнинг фикрларини тинглаган вилоят ҳокими Тўра Боболов ва мамлакатимизнинг Афғонистондаги Мозори Шариф шаҳрининг консуллик идораси бош консули Жаъфар Фаттаев айрим масалалар мамлакат раҳбарияти билан маслаҳатлашилган ҳолда ҳал этилишини билдиришди.

Усмонали НОРМАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири