Мазкур тизим Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада бевосита ёки билвосита фаолият юритаётган инсонларга кўмак бериш мақсадида яратилган биринчи агропортал ҳисобланади. У 2017 йилдан буён фойдаланувчиларга бепул онлайн хизматлар кўрсатиб келмоқда. Лойиҳага Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги координатори офиси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “John Deere” компанияси билан ҳамкорликда асос солинган.
Айни пайтда агропорталда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид энг сўнгги ва тезкор хабарларни ўқиб бориш, соҳа мутахассисларидан бепул маслаҳат олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг йирик электрон савдо майдончасида бепул эълон бериш, республика кесимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳафталик нарх-навоси билан танишиш каби хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.
Малакали мутахассислардан бепул маслаҳатлар
“AgroMart” — миллий ва халқаро тажрибага эга юқори малакали консультант ва экспертлар, иқтидорли IT-мутахассислар, ишига фидойи менежерлардан иборат лойиҳа гуруҳи бўлиб, унда аграр соҳанинг 13 та йўналиши бўйича 9 нафар мутахассис иш олиб боради. Уларнинг орасида германиялик эксперт ҳам бор. Фойдаланувчилар агрономия, полизчилик, боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ветеринария, қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва ҳуқуқи ҳамда соҳага оид бошқа масалалардаги онлайн саволларига мутахассислардан тезкор ва тўлиқ жавоб олишлари мумкин.
— Айни пайтда маслаҳатчиларимизга келиб тушаётган саволларнинг аксарияти мавсумий агротехник тадбирлар билан боғлиқ, — деди лойиҳа менежери Ниғматжон Анваров. — Айниқса, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли баъзи экинларни совуқ уришининг олдини олиш, офатларни бартараф этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар бўйича мутахассисларимиз деҳқон ва фермерларга куну тун ўз маслаҳатларини бериб боряпти. Таҳлилларга кўра, порталда бир ойда ўртача 300 дан ортиқ онлайн маслаҳат бериляпти. Мутахассисларнинг тезкор маълумот ва тавсиялари ишни йўлга қўйишда қўл келяпти. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган инсонларнинг муаммоларини вақт ва маблағ сарфламасдан ҳал этишларига кўмаклашишдан иборат. “AgroMart” жамоаси 2020 йилда деҳқон ва фермерлар фаолиятини янада осонлаштирадиган қатор рақамли хизматларни жорий этишни мақсад қилган.
Онлайн порталнинг “Фойдали маълумотлар” бўлимида мутахассисларнинг илмий ишлари билан танишиш орқали ноёб амалий ва назарий билимларга эга бўлиш имконияти ҳам яратилган.
Аgromart.uz — қулай ва самарали савдо майдончаси
“AgroMart” портали юртимизда қишлоқ хўжалиги бозорини шакллантириш, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда хомашёсини сотишга ҳам самарали ҳисса қўшиб келяпти. Бу ерда кичик ва йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун яратилган савдо майдончаси харидор ва ҳамкорлар билан ўзаро алоқа ўрнатишга ёрдам бермоқда.
Онлайн тизимдан фойдаланиш осон ва қулай. Унда рўйхатдан ўтган фойдаланувчи ўз маҳсулоти эълонини порталга бепул жойлаштиради. Эълон модератор томонидан тасдиқлангач, сайт (AgroMart.uz)нинг савдо майдончасида пайдо бўлади. Унга дизайнер махсус шаблон тайёрлайди. Шундан сўнг эълон “AgroMart”нинг @uzagromart телеграм тармоғи ва бошқа барча ижтимоий тармоқларида тарғиб қилинади. Бу орқали харидорлар маҳсулот эгаси билан тўғридан-тўғри боғланишлари мумкин.
Савдо майдончаси маҳаллий ва хорижлик мутахассислар томонидан кузатиб борилади. Айни пайтда порталдан қишлоқ хўжалигига тегишли барча турдаги маҳсулотлар — қишлоқ хўжалиги техникасидан тортиб, тайёр дала маҳсулотлари ҳамда тирик ҳайвонларгача топиш мумкин. Мутахассислар вилоятлар кесимидаги 60 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳафталик улгуржи нарх-наволарини мунтазам янгилаб боради.
Ҳозирги пандемия шароитида ҳам “AgroMart” лойиҳаси фаоллари деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, малакали мутахассислар томонидан янада қўпроқ маълумотларни тақдим этиш, долзарб саволларга жавоб бериш, зарур ва фойдали билимларни улашиш мақсадида порталда онлайн вебинарлар сериясини ташкиллаштирган. Унда иштирокчилар етук мутахассислар, халқаро тажрибага эга экспертларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб мавзулардаги маърузаларини тинглаб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жонли мулоқот тарзида жавоб олмоқда.