Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Браво” жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар қизғин муҳокамаларга мавзу бўлмоқда.

Тасвирларда тўй эгаларини табриклаш учун келган 10 дан ортиқ санъаткорлар, 100 га яқин меҳмонларни кўриш мумкин. Улар ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин талабларига риоя қилмагани акс этган.

Бу ҳолатга Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев муносабат билдирди.

“Аҳмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Ахир халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, керак бўлса, жамиятидаги хайрли ишлар ва янгиликларни амалга оширишга кўпроқ ҳисса қўшиб, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак эмасми?    

Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ.

Ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига  Сенатор сўрови юборилди ва мазкур масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди” дейилади сенатор муносабатида.