Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқаролардан келиб тушган ҳар бир масалани ўз вақтида кўриб чиқиш ва ижобий ечим топиш сектор раҳбарларидан алоҳида масъулиятни талаб этади. Бугунги кунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойилига асосланиб, иш олиб борилмоқда. Фуқародан мурожаат келиб тушдими, унинг ижобий ечими албатта шу ҳудуд аҳолисининг фойдаси учун муҳим ҳисобланади.
Беруний тумани сектор раҳбарлари тумандаги “Бўстон” МФЙ, “Ёшлик” аҳоли манзили ҳамда Навоий ОФЙ ҳудудларида аҳоли билан учрашиб, муаммоларини ўрганди. Ҳа демай ўлкамизда қиш эшик қоқмоқда. Бундай пайтда тумандаги ижтимоий соҳа обеъктларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати, шунингдек, инфратузилма объектлари бўйича ўрганишлар олиб борилди. Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар масъул ташкилотларга топширилди ҳамда тез орада масалалар кўриб чиқилиб, ижобий чора-тадбирлар кўрилиши бўйича барча имкониятлар ишга солинадиган бўлди.
“Ёшлик” аҳоли манзили сўнгги 3 йил ичида янги уйлар қурилиши ҳамда аҳоли сонининг кўчиб келиши натижасида бу ерда инфратузилма, йўл, электр энергияси, газ, интернет тармоғи, болалар учун мактабгача таълим муассасаси ҳамда мактабга зарурат борлиги доимий масала бўлиб келган. Кўпгина муаммолар ижобий ҳал қилиниб, суюлтирилган газ баллонлари фуқароларга етказиб берилган бўлса, тош-шағал аралашмасидан ички кўчалар таъмирланди, ГПОН технологияси асосида замонавий интернет тармоғи ўтказилмоқда, 2,5 километрга траншеялар қазилиб, кабель тортиш ишлари бошлаб юборилди.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири