Танқидий, таҳлилий руҳда ўтаётган йиғилишда давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш йўналиши жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани, маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш усулининг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

– Кўпчилик раҳбарлар бу вазифаларни тўлиқ тушуниб етмаяпти. Шунинг учун, ўтган 6 ойда Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда 37 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ишдан олинди. Бугун ҳам масаланинг ичига кирмаган, дунёқараши ўзгармаган, ушбу саволларга жавоб бера олмаган соҳа ва ҳудуд раҳбарлари ишдан олинади, – деди Президентимиз.

Йиғилишда бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш ҳақида айтилди. Тиббиётдаги ўзгаришларни аҳоли кўпроқ ва тезроқ сезиши учун ҳозирги ишлар аҳволи мутлақо талабга жавоб бермаслиги танқид қилиниб, бу соҳада ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби масаланинг ичига кириб, мунтазам шуғулланмасак, ислоҳотлар натижасини халқимиз сезмаслиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳудудий тиббиёт бўлинмалари раҳбарларига бир ҳафта муддатда апрель ойида ва йил якунигача қиладиган ишлари бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, аниқ режалари билан халққа маълумот бериб, тизимда ўзгариш қилиш топшириғини берди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири ва ўринбосалари ҳудудларда қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини охирига етказишга шахсан масъул этиб тайинланди.

Улар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда 1 майга қадар Сирдарё вилояти ҳамда 26 та туман ва шаҳар тажрибасини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бошлашга масъул бўлади.