Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича жами 39 265 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 22 мингдан зиёд кўп квартирали уй 3 753 та ширкат ҳамда 324 та бошқарувчи ташкилот томонидан бошқарилади. Шунингдек, 889 та уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариб келинмоқда. 1 407 та кўп квартирали уйда аҳоли томонидан бошқарув усули танланмаган.
Таъкидлаш лозимки, 2021 йил бошида 4 430 та ширкат фаолият юритган бўлиб, ҳозирги вақтга келиб уларнинг сони 3 753 тага тушди. Бошқарув ташкилотлари томонидан ўтган йилнинг 1 январь ҳолатига 6 976 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатган бўлса, бугунга келиб 14 028 тани ташкил этмоқда. Ўтган 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига кўп квартирали уй-жой фондини тайёрлаш бўйича 4 395 та уй мукаммал ва жорий таъмирланди.
Шунингдек, кўп қаватли уй-жой фондига туташ ҳудудларни бодонлаштириш мақсадида республика бюджетидан 73,5 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобидан 442 дона болалар майдончаси қурилди, 53 таси таъмирланди. 342 106 кв.м узунликдаги йўлаклар (тротуар) бетон қопламаси билан қопланди. 8 651 п/м ирригация тармоқлари ва 3 501 дона ёритиш тизими таъмирланди.
Шунингдек, 2021 йил дастури доирасида лифтларни янгилаш ва таъмирлаш учун 123,4 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, йил якунига қадар 535 та лифт янгисига алмаштирилиб, 56 таси қайта таъмирланди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 1 101 та уйни таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Жорий йилда кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, туташ ҳудудларини ободонлаштиришда республика миқёсида 1 250 та уй-жойни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида МФЙларда жойлашган жами 321 та кўп квартирали уйни таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича, 49 та болалар майдончаси, 57 та айвонли тандирхона қурилди, 385 п/м ирригация тармоқлари таъмирланди, 79,8 минг.кв.м тротуарлар бетон қопламаси билан қопланди, 1 163 дона ёритиш тизими ўрнатилди ва 65 та уйнинг хожатхоналари таъмирланди.
Бошқарув сервис компаниялари фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолига замонавий ва қулай коммунал хизматларни амалга ошириш мақсадида “Менинг уйим” электрон биллинг тизими жорий этилиб, тест режимида ишга туширилди. Бугунги кунга келиб республика миқёсида бошқарув сервис компаниялари (БСК)нинг 285 таси ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари (УЖМШ)нинг 3 502 таси биллинг тизимига уланган. Шу билан бирга, 183 та бошқарув ташкилоти ҳамда 1 375 та УЖМШлар “Мунис” тизимига уланган.
Эндиликда кўп квартирали уй-жойлар тўғрисидаги маълумотлар базаси “Менинг уйим” электрон биллинг тизимига киритиб борилмоқда ва ҳозирда жами абонентлар сони 1, 3 млн тани ташкил қилади. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Менинг уйим” мобил иловаси жорий этилган.