Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномалари доирасида ўз мажбуриятларини бажариб, бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан фаол иш олиб бормоқда.
Хусусан, янги қабул қилинган Конституцияда ҳам ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, 2023 йил 16 июнда қабул қилинган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахслар доираси кенгайтирилганлиги ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятини яратади.
Эндиликда қуйи поғонада бирламчи юридик маслаҳат ва тавсияларнинг ҳамма учун очиқ бўлиши таъминланади, бу эса, жамоатчилик ва ҳуқуқ тизими ўртасидаги тафовут бартараф этилишига имкон беради. Аҳолига бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун “Мадад” ННТ Адлия вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилди.
Адлия вазирлиги БМТТД билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳа доирасида ушбу ташаббусларни амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳа нафақат амалий чора-тадбирларга, балки моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам қаратилган. У алоҳида бепул юридик ёрдам кўрсатувчи субъектларга техник кўмак бериш ва уларга кичик ҳажмдаги грантлар тақдим этишдан иборат. Ушбу ёрдам уларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда хизматларни кенгайтириш ва юридик ёрдам кўрсатишда инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.
Шуни ҳам айтиш керакки, мамлакатда одил судловга эришиш ва малакали юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган сараланган нодавлат нотижорат ташкилотларига АКТ жиҳозлари топширилди. “Мадад” ННТнинг Бекобод шаҳри (Тошкент вилояти), Шовот (Хоразм вилояти) ва Хўжаобод (Андижон вилояти) туманларидаги ҳуқуқий маслаҳат бюролари шулар жумласидандир.
Умид қиламизки, бу жиҳозлар мазкур ташкилотларнинг аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.