Халқимиз ўй-хаёллари эзгуликка эврилди. Юрдошларимизнинг дунёқараши, тафаккури юксалиб, фаровонлиги, турмуш тарзи янада яхшиланди, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бирига айланди. Бугун аҳоли ижтимоий ҳимояси – саломатлигидан тортиб уларнинг уй-жой билан таъминланиш даражасигача укумат эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада, айниқса, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига қаратилаётган эътибор юртимизда инсон қадрини юксалтиришнинг муҳим шартларидан биридир.
2022 йил 28 январь куни Президентимизнинг "2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги"ги фармони имзоланди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита йўналишда белгилаб олинди.
Стратегиядаги ҳар бир вазифа ва мақсадлар жорий йил бўлиб ўтган сайлов жараёнларида бевосита фуқароларимиз иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилди. Бошқача айтганда, халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилди. Демак, ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродасидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш бўйича 2022 йил 1 апрелдан бошлаб зарур иш стажига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмга етказилади.
Бунда 162 минг нафар яқин фуқароларнинг пенсия ва ногиронлик нафақа миқдорлари қайта ҳисоб китоб қилинади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари ва одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилади.
Акбар Камилов,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлими бўлим бошлиғи