Мажлисда сенаторлар ушбу Қонунни мамлакатимизда аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда дастуруламал бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларни амалга ошириш, эълон қилиш хавфи юзага келганлиги тўғрисида аҳолига хабар бериш, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг аниқ вазифалари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларига раҳбарлик қилиш ва яна бир қатор ҳолатлар янги нормаларда мустаҳкамланяпти.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида қайд этиляпти.

Унинг ваколатларига аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ижросини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни олдиндан прогноз қилиш, олдини олиш ҳамда бартараф этиш режаларини ишлаб чиқиш ва бошқалар киритилган.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда иштирок этиш тартиби белгиланмоқда.

Хусусан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда иштирок этиш, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу Қонунда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ва шошилинч тарзда фойдаланиш тартиби аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тартиби, эълон қилиш, бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва раҳбарлик қилувчи шахсларнинг ваколатлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг (Миллий гвардия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Қурилиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ва бошқалар) вазифалари янги алоҳида моддаларда белгиланган.

Сенаторлар томонидан ушбу Қонун бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.