Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва
Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилган ишлар ҳамда истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўнгги йилларда марказ томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилган илмий-тадқиқот ва ноширлик ишлари, шунингдек, марказнинг фаолияти ҳақида гапириб ўтди. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 16 июлда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган асосий вазифалар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда марказ нашр қилган, унинг кутубхонасида сақланаётган, Европада ўрта асрлардан бошлаб чоп этилган, мазмунан Шарқ олами билан боғланган беш юз саксонта асар рўйхатини ўз ичига олган “Шарқ ва Ғарб” фиҳристи биринчи жилдининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Шунингдек, “Бухоро — Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми, шайх Абдулазиз Мансурнинг “Коран. Краткий комментарий” — Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси, ҳамда олий таълим муассасалари учун ўзбек ва рус тилларида тайёрланган “Диншунослик” ва “Религиоведение” китоблари ҳам тақдим этилди. Айтиш лозимки, марказ томонидан шу пайтгача 12 номдаги китоб ва рисолалар нашрга тайёрланиб, 5 та китоб чоп этилди, 7 таси таржима қилинди.
Тадбир давомида, шунингдек, Ўзбекистон ислом академияси томонидан Маждуддин Муҳаммад Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари томонидан нашрга тайёрланган китоб ва рисолалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Матбуот-анжуманида Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Россия Федерациясидан ватанимизга қайтарилган XIII-XIX асрларга оид қимматбаҳо маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топширди.
— Ўзбекистон Республикаси ва Россия Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг ўтказилган навбатдаги йиғилиши доирасида муқаддам мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилган ва Россия Федерал божхона хизмати томонидан ушлаб қолинган 45 дона маданий бойликлар қайтарилди, — деди А.Абдуҳакимов. — Улардан 29 дона қўлёзма китоблар XIX аср охири, XX аср бошларида битилган бўлиб, форс тили араб ёзувида ёзилган. 16 дона турли хил сопол буюмларнинг 7 донаси XIX аср охири, XX аср бошларида, 9 донаси XX асрнинг ўрталарида ясалган. Ушбу маданий бойликлар 2016 йил Ўзбекистон Республикасидан ноқонуний олиб чиқиб кетилган. Ўзбекистонга оид тарихий, бадиий ва музей қийматига эга маданий бойликлар, халқимизнинг ноёб мулкидир.
Ҳозирги кунгача улар Ўзбекистон Давлат санъат музейида ўрнатилган тартибда ўралган ҳолда махсус қутиларда сақланиб келинди. Қайтарилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси, Маданий мерос агентлиги мутахассислари иштирокида Ислом Цивилизацияси марказига топшириш ишларини ташкиллаштирдик.
Россия Федерал божхона хизмати томонидан ушбу мамлакатга олиб киришда тўхтатилган қўлёзма китоблар, араб, форс ва туркий тиллардаги диний матнлар тўплами, шунингдек, форс ҳамда туркий тиллардаги шеърлар ва кулолчилик буюмлари эндиликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи ҳамда кутубхонасидан ўрин олади.
— Халқимиз маданий меросининг асраб-авайланиши, янада бойиб боришига оз бўлса-да ўз хиссамизни қўшаётганимиздан ғоят мамнунмиз. Бундан кейин ҳам бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз, — дейди Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ўткир Қодиров.
Сўнгги беш йил мобайнида халқимизга тегишли 450 га яқин қўлёзма асарлар, ноёб танга ва осори атиқалар сақлаб қолингани дарҳақиқат божхона органларининг маданий меросимизни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшаётганидан далолатдир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу матбуот конференцияси юртимизда аждодлар меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, асраб-авайлашда эришилган салмоқли илмий натижалар намойиши бўлди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири