Янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастурлари бўлмиш Ўзбекистонни янада ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси натижа ва самараси, шунингдек Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳозирги вақтда ҳаётга изчил жорий этилмоқда.
Маълумки, ҳозирги глаболлашув даври ҳар қачонгидан ҳам тезлашиб бормоқда. Шу билан бирга, фаровонлик ошгани сайин аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда.
Биламизки, давлат қурилиши биринчи ўринда Конституция ва қонунларга асосланади. Шу сабабли, Конституцияни принципиал ўзгартирмасдан туриб, давлатни ўзгартириб бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг муҳим жиҳатлари сифатида қўйидагиларни келтириб ўтишимиз мумкин, улар биринчидан, кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади; иккинчидан, давлат бебаҳо табиий бойликларимизни кўпайтириш, асраб-авайлаш ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш чораларини кўради; учинчидан, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади; тўртинчидан, Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб белгиланмоқда; бешинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда; олтинчидан, Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгаймоқда; еттинчидан, ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланмоқда; саккизинчидан, рақобатбардош миллий иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамланмоқда; тўққизинчидан, инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий қилинади, парламентаризмни кучайтириш сари дадил қадам қўйилади; ўнинчидан, парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилмоқда; ўн биринчидан, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич бекор қилинади; ўн иккинчидан, барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилади; ўн учинчидан, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилаётганлигидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституциямиз том маънодаги устувор ҳуқуқий ҳужжат экани, унда моҳиятан янги конституциявий тузум асослари мустаҳкамлангани ҳамда ундаги принциплар ва қоидаларга ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида амал қилиниши эътироф этилади.
Бугунги кунда эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз.
Махмут Утемуратов
Тошкент давлат юридик университети профессори