Томонлар Ўзбекистонда малакали IT-кадрлар тайёрлаш ва истеъдодларни ривожлантириш, шунингдек, IT соҳасида янги иш ўринларини яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
«EPAM Systems» раҳбари Ўзбекистонда ёшларга сифатли таълим берадиган ва ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассислар тайёрлайдиган онлайн-университет очишни тез орада амалга оширишга киришиш истагини маълум қилди.
АКТ вазири Ш. Шерматов, ўз навбатида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда IT-Park ушбу университетни очиш бўйича EPAM Systems билан ҳамкорликни бошлашга ва лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Вазир Ўзбекистонда халқаро миқёсда тажрибага эга дастурчилар етишмаётганлигига тўхталиб ўтди. Шу сабабдан мавжуд вазиятни ўзгартириш ҳамда уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида хорижий давлатлардан мутахассисларни мамлакатга жалб қилиш режалаштириляпти. Улар, ўз навбатида, 3-5 йил мобайнида маҳаллий ишлаб чиқувчиларни зарур кўникмалар билан таъминлаши ҳамда ўзаро тажриба алмашинилиши кўзда тутилган. Вазир, шунингдек, хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонда фаолият олиб бориши қулай бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинишини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хорижлик IT-мутахассисларни кўчириш жараёни учун қуйидаги қулайликларни тақдим этади:
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, IT-визани расмийлаштириш ва тақдим этишда ёрдам кўрсатиш;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш доирасида ижарага бериладиган уй-жой топиш ва тақдим этишда кўмаклашиш;
– оила аъзоларини (яқин қариндошларини) таълим муассасаларида (болалар боғчаси, мактаб ва бошқалар) жойлаштириш;
– тармоқ ва алоқа воситалари (мобил алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминлаш;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик саёҳатларни ташкил этиш.
Аркадий Добкин, шунингдек, яқин бир неча йил ичида Ўзбекистонда EPAM тизимларини энг кенг миқёсда ривожлантириш ниятида эканлигини таъкидлади. Унга кўра, айрим мамлакатларда компаниянинг тўлиқ ривожланиши учун 10 йил сарфланган, Ўзбекистонда эса бу 3-5 йил ичида содир бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган «EPAM Global» конференциясини ташкил этиш, унинг доирасида EPAM Systems компаниясининг етакчи мутахассислари учун Ўзбекистонда ишлаш учун шароит ва имкониятлар билан танишиш мақсадида IT-тур ўтказилишига тўхталдилар, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.