Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагиларни маълум қилади:
Ҳақиқатдан, 1 апрель соат 21.00 ларда муқаддам тўрт маротаба судланган 41 ёшли Александр Бочаров ва яна икки нафар фуқаро: муқаддам судланганлар 42 ёшли Л.Дмитрий ва 51 ёшли Л.Анатолийлар Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилган ва улар билан сўров олиб борилган. Ўртача ҳисобда 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг учала шахс қўйиб юборилган, шу жумладан Бочаров Александр ҳам.
2 апрель эрталаб соат 4.00-4.30 ларда 30-уйнинг олдида Бочаров Александрнинг мурдаси топилган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Республика илмий-амалий суд-тиббиёт маркази ҳудудий филиали томонидан берилган бирламчи маълумотга кўра, марҳумнинг бир нечта касалликлари бўлган, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонлама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шишиши, сурункали гепатит, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Шунингдек, хабар орқали масъул ташкилотларнинг расмий изоҳини олмасдан туриб, олдиндан хулоса чиқармаслик кераклиги сўралади.