Айниқса, ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо йўналишида ноқонуний даромад орттириш ёки хуфиёна иқтисодий ҳаракатларни олдини олиш борасида долзарб аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳар бир соҳада қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2024 йил 3 июндаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги Фармонида  алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

“Ўзбекистон Республикаси  бош прокуратураси хузуридаги иқтисодий жиноятларга  қарши курашиш департаменти  қошида алкогол ва тамаки бозорини  тартибга солиш инспекцияси фолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ҳам ушбу йўналишда Қонуний талабларни кучайтириш ва назоратни мустаҳкамлаш учун асос бўлди.

Соҳадаги корхоналарга лицензиялар бериш, лицензия талаблари бажарилишини назорат қилиш, яширин айланмаларга қарши курашиш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш Инспекциянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

Бугунги кунда соҳада 17 585 та тадбиркорлик субъектлар фаолият олиб бормоқда, буларнинг 4 таси тамаки, 6 таси спирт, 36 таси алкоголь, 25 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқаради, 427 та корхона улгуржи, 17 093 та корхона чакана савдо билан шуғулланади. Лицензия тўловлари тўланиши мониторинг қилиниб, жорий йилда 3,8 млрд сўмлик маблағлар ундирилиши таъминланди.

Яширин айланмаларни бартараф этиш борасида 2 та йўналиш устувор этиб белгилаб олинган яъни соҳани рақамлаштириш ва назорат тадбирларини ўтказиш.

Ушбу тизимда ҳам рақамли технологияларни амалиётга татбиқ этиш орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш ҳамда бу соҳада ноқонуний ҳаракатларни барвақт аниқлаш ва соҳада тизимли мониторинг ютиши борасида самарали иш олиб бормоқда. 

Инспекция фаолиятининг таянчи бўлган “ИСАТ” номли янги ахборот тизими ишга туширилди. Доимий назоратни таъминлаш мақсадида ушбу ахборот тизими орқали 52 та субъектларнинг электрон ҳисоблагичлари, 44 та корхоналарнинг видеокузатув ускуналари ҳамда 163 та спирт ташувчи транспорт воситаларининг “GPS Treker” қурилмалари орқали реал вақт режимида маълумотлар олиниши йўлга қўйилди. Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг электрон ҳисоблагичлар 2 501 та пломба билан муҳрланди.

Рақамли ислоҳотлар бугун нафақат соҳага оид хавфларни аниқлаш имконини, балки катта иқтисодий самара бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида давлат бюджет тизимига алкоголдан 539 млрд ва тамакидан 711 млрд жами 1 250 трлн сўм акциз солиғи ундирилиши таъминланди. Бу эса ўтган йилга нисбатан бюджетга 12 фоизга ёки 137 млрд сўмга кўп (1 113/1 250 млрд сўм) акциз солиғи ундирилиши таъминланди.

Бугунги кунга қадар Инспекция ташаббуси асосида 3 та қарор қабул қилинди, 3 та қонун ҳамда 16 та қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ишлаб чиқаришда халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида 5 та янги стандарт ишлаб чиқилди. Янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 636 та технологик йўриқнома тасдиқланди. Соҳага янги кириб келган 8 та алкоголь, 1 та тамаки ишлаб чиқарувчи ҳамда 27 та улгуржи корхоналарга лицензия берилди, 30 та янги омборхонага рухсатнома расмийлаштирилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда соҳада яширин иқтисодий ҳаракатларни олдини олиш борасида жами 1 655 та тезкор тадбирлар ўтказилиб, улар доирасида истеъмолга яроқсиз ҳамда инсон соғлиғи учун хавфли бўлган  48,7 млрд сўмлик алкоголь ва спирт, 49,3 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари муомаладан олинди.

Кўрилаётган чоралар натижасида ноқонуний тамаки айланмасини 2024 йилда 19,4 фоиздан, 11,4 фоизга қадар, 2025 йилда эса 7 фоизга қадар қисқартиришга эришилди.

Шунингдек, соҳага оид қонунчилик ижроси борасида Инспекция томонидан биржа савдолари орқали сотилаётган спиртнинг мақсадли ишлатилиши устидан кунлик назорат ўрнатилди. 227 та корхона реализaция қилинган 4,4 млн далл спиртнинг ишлатилиши жойига чиқган ҳолда ўрганилди.

Лицензия талабларига риоя этилиши юзасидан 28 та ишлаб чиқарувчи корхоналарда текширишлар ўтказилди. Алкоголни яширин ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган, шунингдек лицензия шартларини бузган 13 та ишлаб чиқарувчи ва 49 та улгуржи савдо корхоналарининг лицензияси бекор қилинди. Асосийси ушбу йўналишда хавфни олдини олишда ҳам рақамлаштириш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2019 йилдаги 1039-сон қарорига асосан  истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссиясининг фаолияти қайта тикланди.

Унда асосий эътибор ишлаб чиқариладиган истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг органолептик сифат кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда сифат кафолати юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилмоқда.

Мазкур комиссия томонидан 200 га яқин истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини, шунингдек қайтадан ишлаб чиқаришга қўйилган ва таркиби ўзгартирилган маҳсулотларнинг сифатини органолептик баҳолаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, комиссия томонидан этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини, истеъмолчилар, назорат қилувчи органлар ва ташкилотлар ўртасида маҳсулот сифати бўйича келишмовчиликлар юзага келган тақдирда сифатини органолептик баҳолаш, асосий маҳсулотлар, хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни дегустация баҳоси бўйича ягона амалиётни шакллантириш, ўрганиш ва илмий-тадқиқот мақсадларида маҳсулот сифатини баҳолаш бўйича йиғилишларга қатнашиш, ташкилотларнинг дегустация гуруҳларига услубий ёрдам кўрсатиш, экспертларни халқаро, минтақавий ва бошқа маҳсулот танловларида иштирок этишга тавсия қилиш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқаришдаги технологик жараёнларга риоя этишга йўналтирилган дегустация натижалари тўғрисида таклифларни ишлаб чиқиш каби масалалар натижадорлигига асосий эътибор қаратилмоқда.  

Бундан ташқари, Инспекциянинг 71 -202-86-90 рақамли Ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунга қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг 133 та мурожаатлари ва лицензиялашга оид 179 та аризалари кўриб чиқилди, 206 та улгуржи савдо корхоналари хабардорлик тартибида рўйхатдан ўтказилди. 1875 та тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Тадбиркорлик субъектлари билан сайёр қабуллар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, унда лизенция бериш тартиби, лизенцияга амал қилиш қоидалари, солиқ тўловлари каби соҳага оид мавзулар юзасидан доимий равишда маълумотлар бериб борилмоқда.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишга оид қонун ҳужжатлари ижросини ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашда Инспекция томонидан бу каби вазифалар ижроси ишлар изчил давом эттирилади.   

Баҳодир Шералиев,
 Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
Департаменти қошидаги 
Алкоголь ва тамаки бозорини
тартибга солиш инспекцияси бошлиғи