Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан Тўрткўл туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбирда мамлакатимиз ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган «Хўжанд-Волгоград» йўналишидаги поезд йўловчиларидан бири ёнидаги 48 дона пластик идишда, жами 72 литр ароқни вагондан ташқарига улоқтириб юборгани фош қилинди.
Режага кўра, ароқ Волгоградга етиб бориш учун мўлжалланмаган, аксинча мўмай даромад эвазига Ўзбекистон ҳудудида тушириб қолдирилиши ва шериклар тушириб қолдирилган жойдан ароқларни олиб кетиши кўзланган эди.
Шунингдек, тезкор кузатувга олинган ушбу йўловчи поезди «Раушан» ва «Кунхўжа» темир йўл бекатлари оралиғида кимсасиз чўл бўйлаб ҳаракатланаётганда поезд кузатувчилари томонидан кутилмаганда фавқулодда тўхташ тугмаси орқали тўсатдан тўхтатилади.
Аслида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат содир бўлмаган эди. Атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган вагон кузатувчиларидан бири 150 дона пластмасса идишдаги 225 литр ҳажмдаги ароқларни республикамиз ҳудудига тушириб қолдириш учун поездни атайлаб тўхтатган эди. Ушбу шахс ароқларни вагондан тушираётганда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди.
«Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона постида аниқланган ҳолатда эса, йўловчилардан бири йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ҳар бири 1 литрлик 40 шиша вискини ўриндиқ остига, шунингдек, кўрпа ва ёстиқ жилдлари ичига яширгани аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.