Президентимизнинг 2022 йил 9 июндаги қарорига асосан, маърифатпарвар олим, Шарқ ва Ғарб тилларининг билимдони Исҳоқхон Ибратнинг ёрқин хотираси ҳамда номини абадийлаштириш, Наманган вилоятида хорижий тилларни мукаммал эгаллаган, чуқур билимга эга, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида Тўрақўрғон туманида Чет тиллар институти ташкил этилган эди. Олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилган таълим даргоҳи Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти сифатида юридик шахс мақомини олди. Халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TALIS, PIRLS)дан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг замонавий шакллари ҳамда методларини жорий этиш, юқори билим ва кўникмаларга эга, олий маълумотли мутахассислар ва илмий педагог кадрларни тайёрлаш институтнинг асосий йўналишларидан.

Шунга асосан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ОТМнинг 9 та бакалавриат таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассислиги бўйича абитуриентлар қабул қилинди. Айни пайтда 500 га яқин йигит-қиз биринчи курсни муваффақиятли тамомлади. Қисқа муддатда Италиянинг Пиза, Саннио, Калабрия университетлари, Жанубий Кореянинг Ханкук чет тиллар университети, Россиянинг Удмурт давлат университети, Руминиянинг Орадия университети, Қирғизистоннинг Ўш давлат университети, Ўш технология университети, Польшанинг Транспорт ва логистика халқаро университети, Ньса амалий фанлар университети, Торундаги Николас Коперникус университети, Острава университети ва Тошкент француз альянси билан меморандумлар имзоланиб, академик ва илмий ҳамкорлик, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Малайзиянинг менежмент ва илм-фан университети, Туркиянинг Aдияман, Кастамону, Гулисим университетлари, Испаниянинг Хавула университети ва Ҳиндистоннинг Инглиз ва чет тиллар университети билан ҳамкорлик меморандуми имзолаш режалаштирилган.

Институт ўқув жараёнида талабаларга замонавий педагогик техналогиялар асосида сифатли таълим берилишига алоҳида эътибор қаратилган. AҚШнинг “Фулбрайт” дастури доирасида хорижлик мутахассислар жалб этилиб, институтда талабалар учун машғулотлар, профессор-ўқитувчилар учун семинар-тренинглар ташкил қилинди.

Наманган давлат чет тиллар институтини тамомлаган мутахассис икки тилли квалификация дипломига эга бўлади. Яъни таълим олган йўналиши доирасидаги хорижий тилга қўшимча равишда иккинчи тил ҳам мукаммал ўргатилади. Бу асосида битирувчи ҳар икки тил бўйича кейинги фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлади. Мазкур тажриба бўлғуси касб эгасининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлайди. 2023/2024 ўқув йилидан абитуриентлар танлов қамрови оширилди. Корейс, хитой, япон, араб, форс тиллари, шунингдек, компьютер лингивистикаси таълим йўналишларига ҳужжатлар қабул қилинди. Магистратура босқичида бадиий таржима (инглиз тили), синхрон таржима (инглиз тили) мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилди. Барча йўналишларда ўқиётган талабалар сифатли билим олиши учун ахборот-ресурс базаси хорижий ўқув, бадиий ва илмий адабиётлар билан бойитилаётир.

Президентимиз қарорида институтга 1 000 ўринли янги ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан зарур ер участкаси ажратилиши белгиланган эди. Мазкур топшириқ ижросининг амалий ифодаси сифатида Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида 5 гектар майдон ажратилди. Яқинда Наманган давлат чет тиллар институтининг янги ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази ва фаоллар зали, талабалар турар жойи, ошхона, очиқ ва ёпиқ кўринишдаги спорт мажмуаси қурилиши учун вилоят ҳокими бошчилигида қатор ташкилотлар раҳбарлари, илм аҳли, ОAВ ходимлари ва ёшлар иштирок этган тадбирда тамал тоши қўйилди. Қурилиш ишлари учун тендер ўтказилиб, давлат бюджетидан умумий ҳисобда 100 миллиард сўм ажратилган. Лойиҳа икки йилга мўллжалланган бўлиб, биринчи қисми 365 кун оралиғида тайёр ҳолга келтирилиши ҳамда 2024 йил 1 август куни фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Институтнинг айни пайтда фойдаланилаётган биноси ва иншоотларида реконструкция ҳамда жиҳозлаш жараёни кетмоқда. Исҳоқхонтўра Ибратга ҳурматнинг ёрқин ифодаси, шунингдек, ёшларнинг улуғ ватандошимиз меросини ўрганиш, унга муносиб издош бўлишга интилишини ошириш мақсадида унинг номи билан аталувчи ОТМ, ижод мактаби, мажмуа ва хиёбон, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бугун бир ҳудудда жамланди.

Исҳоқхонтўра Ибратнинг келажакка мустаҳкам ишонч, миллат руҳиятига кўтаринкилик бахш этувчи ғоялари ҳозир ҳам амалий аҳамиятини йўқотмаган. Олим оламда юз бераётган интеграция жараёнини тубдан англаб, миллат бу ўзгаришларга тайёр турмаса, илм, хорижий тил ва техникани ўрганмаса, дунё саҳнидаги ўрнини йўқотиб қўйиши мумкинлигини ўша даврдаёқ англай олган. Ибрат орзу қилган интилувчан, ҳар соҳада билимдон, фидойи ёшлар эса бугун юртимизнинг ёруғ келажагини барпо қилиш йўлида сабот билан меҳнат ва ижод қилмоқда.

Халқимиз, хусусан, ёшларнинг хорижий тиллар, ахборот технологияларини ўзлаштириши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар айнан Ибрат орзу қилган кунларга етиб келганимиз, Ватаннинг буюк истиқболи учун ҳозирдан тамал тоши қўйилаётгани, айниқса, бу ислоҳотлар кенг кўламда олиб борилаётганининг яққол тасдиғидир. Бугунги ислоҳотлар Исҳоқхон Ибратга эҳтиром, қолаверса, унинг номи билан аталувчи даргоҳдан мамлакатимиз шуҳратини оламга кўпроқ танитадиган, билим ва тафаккури бой ёшлар етишиб чиқишига замин яратади.

Пўлатхон ЛУТФУЛЛAЕВ,

Наманган давлат чет тиллар институти

ректори вазифасини бажарувчи