Ўзбекистон вақти билан ҳар шанба куни соат 21:20 да Халқаро даражадаги рақс мураббийси, хореограф Эмико Карнамрита Ноор Накамура (Emiko Karnamrita Noor Nakamura) бошчилигида Америка қитъаси бўйлаб Хоразм рақс санъатидан маҳорат дарслари олиб борилмоқда.

Бу лойиҳада халқаро академиянинг профессионал раққослари Зоом (Zoom) видеоконфренцияси орқали Хоразм лазги рақс санъати дарғаси, Ўзбекистон халк артисти Гавҳар Матёқубова ҳамда шогирдлари, “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилноза Ортиқова, моҳир лазги раққоси Отабек Рўзметовлар томонидан Хоразм лазги санъатининг сир асрорларини ўрганишмоқда.

Бундан асосий мақсад Хоразм лазгисини дунёга танитиш ва Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг янада тарғиб қилишдир.

Маҳорат дарсларида лазги рақсининг кичик элементларидан тортиб унинг саҳналаштирилган кўринишлари ҳам ўргатилмоқда. Бир ярим соат давом этадиган ушбу маҳорат дарсларида Гавҳар Матёқубова Хоразм рақс санъатининг тарихи, унинг бошқа халқларнинг рақсларидан фарқли ва жозибали томонлари бўйича ҳам ўз билимларини бериб бормоқда.
Кейинги оnline видео дарсларни гўзал Хива фонида ўтказиш режалаштирилган.