“Темур тузуклари” асарида акс этган қатъият, адолатпарварлик, илмга ҳурмат, интизом ва масъулият каби фазилатлар ҳар бир ёш учун ўзига хос ибрат мактабидир. Шу боис, соҳибқироннинг сиёсий фаолияти ва шахсий фазилатларини чуқурроқ англаш мақсадида Амир Темур ҳаёти ва давлатчилик тажрибасини тадқиқ этган сиёсатшунос олим, профессор Тўлқин Алимардонов билан суҳбат уюштирдик.
— Ёшлар орасида лидерлик қобилиятини ривожлантириш учун Амир Темур тажрибасидан нималарни ўрганишимиз керак?
— Энг аввало, масъулият ва мажбуриятни ўз бўйнига олиш, интизомли бўлиш муҳим. Шунингдек, муҳаббат ва садоқат — яъни инсон ўзи англаган, ўзи ишонган ва эътиқод қилган ғоясига садоқатли бўлиши лозим. Садоқатга эришиш учун интизом, қатъият ва шижоат зарур. Ана шу сифатлари билан Амир Темур сиёсий ва тарихий майдонга кириб келган.
Амир Темур сиёсатда интизом ва масъулиятга катта аҳамият берган. Бу фазилатлар ёшлар учун ҳам жуда муҳим. Чунки интизом ва масъулият инсоннинг олдига қўйган мақсадларига эришишига, комилликка интилишига хизмат қиладиган асосий омиллардан ҳисобланади. Фақат истак ва хоҳишнинг ўзи етарли эмас — мақсадга фақат иродали, ўзини айрим эҳтиёжлардан тия оладиган шахсларгина ета олади.
— Сизнингча, бугунги ёшларда ушбу сифатлар етарлими?
— Бу дегани ёшларда бу сифатлар йўқ дегани эмас. Аксинча, бугун ёшларимиз катта муваффақиятларга эришмоқда. Жаҳон миқёсида спортда, фан соҳасида, шахмат ва бошқа йўналишларда чемпион бўлаётган ёшларимиз бор. Бу эса ёшларимизда темурийларга хос фазилатлар мавжудлигидан далолат беради. Жамият сифатида биз бу ютуқларни қўллаб-қувватлашимиз ва янада ривожлантиришимиз лозим.
— Миллий ўзликни шакллантиришда Амир Темур образи қандай роль ўйнайди?
— Амир Темур бобомиз аввало ўзидан олдинги қадриятлар, тарих ва меросга ҳурмат билан қараган шахс эди. У миллий-маънавий фазилатларга таянган ҳолда фаолият юритган.
Инсон ҳар доим ўз идеаллари билан яшаши керак. Биз кўпинча чет эл қаҳрамонларини идеал қиламиз, аммо ўз тарихимизда ҳам буюк шахслар бор. Бизнинг идеалларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Нодирабегим каби башариятга хизмат қилган улуғ инсонлар бўлиши керак.
Уларнинг мероси ва руҳи билан яшаган инсон ҳақиқий бахтни англайди. Бугун темурийлар мактабини ривожлантиришдан мақсад ҳам фарзандларимизни ана шундай буюк шахслар сиймосида тарбиялашдир.
Биз ҳам Амир Темур қолдирган буюк меросга амал қилиб яшасак, миллий туйғуларимиз мустаҳкамланади ва келажакка ишончимиз ортади.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш — жамият тараққиётининг пойдевори, халқнинг эртанги истиқболини белгиловчи муҳим ижтимоий-маънавий жараёндир. Амир Темурнинг бой маънавий мероси, айниқса “Темур тузуклари” асари ёш авлодни ватанпарварлик, интизом, фидойилик, адолат ва билимга чанқоқлик руҳида тарбиялашда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат Амир Темур ўзининг 69 йиллик умри давомида нафақат давлат арбоби, сиёсатчи балки ёшларга жасорат рамзи булиб ҳам намоён булган сиймодир. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз жоизки жамият тараққиёти аввало инсоннинг ўзини англаши, ўз зиммасига масъулият олиши ва мақсад сари онгли равишда интилиши билан боғлиқ. Лидерлик — бу туғма сифат эмас, балки интизом, садоқат ва қатъият орқали шаклланадиган инсоний фазилатдир. Амир Темур ҳаёти мисолида кўринадики, буюклик ташқи шароит эмас, балки инсоннинг ички иродаси, ишончи ва ўз ғоясига содиқлиги натижасида юзага келади.
Бугунги ёшларда ҳам ана шу имконият ва салоҳият мавжуд. Энг муҳими — улар ўз тарихини англаб, миллий қадриятларга таяна олса, ўз олдига қўйган мақсадлари йўлида сабр ва масъулият билан ҳаракат қилса, жамиятнинг эртанги куни янада мустаҳкам бўлади. Зеро, кучли жамиятни аввало маънавий баркамол, ўзлигини англаган ва ишонч билан яшайдиган инсонлар барпо этади.
Мадина Ботиржонова