Шу куннинг ўзида можаро тафсилотларини аниқлаш ва уни ҳал қилишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига Элчихона Бош консули Меҳриддин Хайриддинов етиб борди.
Aмур вилояти маъмурияти, прокуратура ва ички ишлар органлари, “Renaissance Heavy Industries” компанияси ва унинг субпудратчилари раҳбарияти ва вакиллари билан қатор музокаралар ўтказилди. Ватандошлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлган омиллар ҳақида батафсил ахборотлар олинди.
Россия ва Туркия томони билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ муаммонинг барча учун мақбул ечими топилди ва вақтинчалик шаҳарчада тартиб-интизом тикланди. 2020-йил 16-июлдан Ўзбекистон фуқаролари иш ташлашни тўхтатиб, объектда меҳнат фаолиятини яна бошлади.
Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси тергов органлари томонидан юз берган ҳодиса юзасидан процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Текширувлар нафақат тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан, балки иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилигининг бузилиши бўйича ҳам олиб борилмоқда. Ўз навбатида, Элчихона мазкур жараёнда ватандошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги учун барча зарурий чора-тадбирларни амалга оширади.
Шу билан бирга, Элчихона юзага келадиган барча муаммоларни ноқонуний, зўравонлик усуллари, вайронгарчилик ва шантаж орқали эмас, балки тинч йўл билан, мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидлайди. Фуқароларни тартибсизликларга чорлаган барча шахслар жавобгарликка тортилади ҳамда қонунда белгиланган тартибда жазоланади.
Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган тақдирда улар Ўзбекистон Элчихонаси ва Бош консулхоналари, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликнинг ваколатхонасига мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг
Россия Федерациясидаги Елчихонаси