Тез суратларда ҳалқ орасида машҳур бўлган “Андижон музқаймоғи” Андижон вилояти, Андижон шаҳар, Индустриал кўчаси, 12 уйда истиқомат қилувчи Мадрахимов Ҳикматуллоҳ Неъматулло ўғлига тегишлидир.
Афсуски, сўнгги пайтларда ушбу халқ ишончига кирган, севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг ҳам контрафакт нусхалари кўпайиб кетди. Қаерга қараманг “уддабурон тадбиркорлар” томонидан гуёки самолёт орқали Андижондан олиб келинган деган ёлғон маълумот билан “Андижон музқаймоғи” номи остида сифатсиз маҳсулот сотилмоқда.
Ушбу ҳолатлар Агентлик томонидан бефарқ қолдирилмади. Жорий йилнинг 24 май куни Агентликнинг Андижон вилоят Интеллектуал мулк ҳимояси маркази ходимлари томонидан “Андижон музқаймоғи”ни ишлаб чиқарувчи эгаси Ҳ.Мадрахимовнинг уйига борилган ҳолда унга ишлаб чиқараётган маҳсулотига товар белгисини олиши лозимлиги, ўз брендини расмийлаштириши “Андижон музқаймоғи”нинг умрини узайтириши, контрафакт нусхалари таъсирида асл маҳсулотга ҳам ишонч йўқолиши, бозорининг касодга учраши эҳтимоллиги ҳақида батафсил тушунтириш берилди, дея хабар беради Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги.
Натижада Ҳ.Мадрахимов томонидан “Андижон музқаймоғи” товар белгисини бренд сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Агентликка талабнома топширилди.
Агентликнинг маълум қилишича, музқаймоқ айнан Андижонда тайёрлангани ва ўзига хослигидан келиб чиқиб бренд сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда. Биринчидан, товар номини муҳофазалаш орқали тадбиркорлар ўз маҳсулотларидан бошқаларнинг рухсатсиз фойдаланиши ҳамда сохта ёки контрафакт нусхалари пайдо бўлишидан ҳимоя қилса, иккинчидан, брендни ривожлантириш орқали товарнинг қиймати ошади, қўшимча даромад олишига ва ўз фаолиятини янада кенгайтиришига сабаб бўлади.
Шуни таъкидлаш лозимки, Агентлик бу каби маҳаллий бренларнинг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва брендларнинг контрафакт нусхаларини кўпайишига қарши жадал кураш олиб боради ҳамда уларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлайди.
Шу боис, эндиликда “Андижон музқаймоғи” ҳам Давлат муҳофазасига олинади ҳамда Агентлик ва унинг ҳудудий марказлари “Андижон музқаймоғи” брендининг муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Дарҳақиқат, бир маҳсулотни ишлаб чиқаришгача бўлган ғояларни умумлаштириш, уни номлаш, сифатли бўлиши учун алоҳида вақт, маблағ сарфлаш, тайёр маҳсулот ҳолатига келтириб уни савдога чиқаришгача кетган машаққат ва меҳнатнинг қадрлилигини ўша асос солувчининг ўзи жуда яхши билади.