Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатилди.
Хабарга кўра, 1991 йилда Избоскан туманида туғилган, ҳозирда Андижон шаҳрида яшовчи аёл 1998 йилда туғилган бошқа бир аёлни турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатда бўлганликда айблаб, ундан қасос олишни режалаштирган.
Шу мақсадда 2025 йил 23 декабрь куни у шифохонада даволаниб ётган жабрланувчини 1995, 2004 ва 2001 йилларда туғилган таниш аёллар орқали ўзига чақиртирган.
Шифохонада жабрланувчига нисбатан турли таҳқирловчи ҳаракатлар содир этилган ва бу жараён видеотасвирга олинган.
Кейинчалик ташаббускор аёл ўз танишлари — 1999 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар эркакни чақириб, жабрланувчини овлоқ жойга олиб бориб, сочини олишни буюрган.
Натижада жабрланувчи аёл беш нафар шахс томонидан унинг ихтиёрига қарши равишда оқ рангли “Gentra” автомашинасига мажбуран ўтқазилиб, Андижон тумани Жевачи маҳалласи ҳудудидаги хилват жойга олиб борилган. У ерда 1999 йилда туғилган эркак томонидан унинг сочлари машинка ёрдамида олиб ташланган.
Ушбу жараён 1995 йилда туғилган аёл томонидан видеога олинган ва маълум вақт ўтгач ижтимоий тармоқларда тарқатилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Беш нафар гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши Андижон вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.