Маълумки, жорий йилдан бошлаб, янги тизим жорий этилмоқда. Яъни ҳудудий ҳокимлар томонидан биринчи марта туман, шаҳар ва вилоят Халқ депутатлари Кенгашларига Мурожаатнома тақдим этилмоқда. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун “Янги Ўзбекистон”да олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя - фаолият самарадорлигини янада яхшилашга хизмат қилади.
Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ҳамда бошқа соҳаларни стратегик ривожлантириш дастурларининг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган январь-ноябрь ойларида иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларига эришилди.
Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 102 фоизга, саноат маҳсулотлари 101,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги 102,5 фоизга, қурилиш ишлари 104,8 фоизга, жами хизматларнинг ўсиш суръати эса 102,4 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.
2020 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида 7,1 триллион сўмлик, жами 774 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 42 мингта янги иш ўрни яратиш белгиланган эди. Бугун умумий қиймати 6,3 триллион сўм бўлган 911 та лойиҳа ишга туширилиб, 38 минг 737 та янги иш ўрини яратилди.
Мисол учун, Булоқбоши туманинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган, Чил устун тоғлари ён бағрида жойлашган 19-мактабнинг фойдаланилмай бўш турган 50 сотих ер майдонинг 24 сотихида “Жуманазар ва Темир Собировлар оиласи” оилавий корхонаси томонидан 5 миллиард сўм ўз маблағлари ҳисобига трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Натижада бу ердаги 200 нафар қишлоқ аҳолисини бандлиги таъминланди.
Шунингдек, Жалақудуқ туманининг олис чегара ҳудудида жойлашган Жанубий Оламушук шаҳарчасида “Ал-Ҳаким” корхонаси томонидан тикув-трикотаж фабрикаси ишга туширилиб, 300 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, “Анд Биллур текстил” МЧЖ томонидан 4 миллиард сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 2,5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 300 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Вилоятнинг асосий иқтисодий “ўсиш нуқтаси” яъни, драйвер соҳалардан бири текстил-тўқимачилик саноати бўлиб, ана шу мақсадда вилоятда 10 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ташкил этилди.
Шу билан бирга, йил якуни билан яна қиймати 800 миллиард сўм бўлган 17 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 3 минг 765 та янги иш ўринлари яратилади.
Биргина мисол, тез кунларда Андижон шаҳрида “Бобур ХБК” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 30 миллион доллар бўлган, 2 минг 700 нафар янги иш ўринига эга корхона ишга туширилади. Бу ерда жинси маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Жорий йил якунида 4,1 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, 120 миллион долларлик экспорт, 420 миллиард сўмлик бюджетга соф тушумлар заҳираси ва 35 хил турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади ва 65 миллион доллар импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, жорий йил январь-ноябрь ойларида 114 та ҳудудий лойиҳа доирасида жами 215,6 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади.
Балиқчи туманида фойдаланишга топширилган “Скортон текстил” МЧЖ томонидан 21 миллион долллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 6 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда 450 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Бундан ташқари, “Ишан Гроуп” компанияси таъсисчиси Шарма Ракеш Кумар томонидан вилоятда 3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига болалар тагликлари, аёллар гигиена маҳсулоти ва тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йил биринчи босқичда экспорбоб тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган корхоналарни ташкил этиш, импорт ҳажмини қисқартиришда маҳаллийлаштириш Дастурининг ўрни салмоқли бўлмоқда.
Жорий йил бошида тасдиқланган маҳаллийлаштириш Дастурига вилоятдаги 129 та корхонанинг 201 та лойиҳ киритилган эди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида яна 89 миллиард сўмлик 28 та янги лойиҳа маҳаллийлаштириш дастурига қўшилди. Умумий лойиҳалар сони 229 тага етди. Ўтган 11 ой давомида 896 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Жумладан, Андижон шаҳридаги "Оил Дрилл" корхонаси томонидан 27 миллиард сўмлик 560 тонна нефт-газ саноатида фойдаланиладиган бурғулаш трубаларини маҳаллийлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш 26 баробарга, импорт ўрнини босиш самараси эса 22 баробарга ортди.
Шунингдек, сессияда қайд этилишича, вилоятда 58 минг 776 та эҳтиёжманд оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, ушбу оилалар таркибида 240 минг 800 аъзо бор. Эҳтиёжманд оилаларнинг 77 фоизи ҳудудлардаги Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилди.
Коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларга жами 95 миллиард сўмлик моддий ёрдам пуллари ва зарур озиқ-овқат ва ноозиқовқат маҳсулотлари тарқатилди. Айни пайтда вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг 77 фоизи “Темир дафтар”дан чиқарилди
Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилда Қўрғонтепа, Шаҳрихон ва Улуғнор туманларида касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва 13 та маҳаллада касбга ўқитиш маскани фаолияти йўлга қўйилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрилган амалий чоралар натижасида 166 мингдан зиёд ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.
Сессия доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.