Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 февраль куни тадбиркор Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, беш нафар шахсдан иборат уюшган гуруҳ 1500 АҚШ доллари эвазига уни қасддан ўлдириш учун ёлланма қотил билан келишганини билдирган.
Тезкор тадбирлар давомида 1984 йилда туғилган, «Роналдо» лақабли, муқаддам Жиноят кодексининг 8 та моддаси билан судланган гуруҳ етакчиси ёлланма ижрочига 1500 доллар беришга келишиб, дастлабки 300 минг сўмни топшираётган вақтида ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбирлар натижасида муқаддам судланган «Главрач» лақабли (1984 йилда туғилган), вилоятнинг Пахтаобод тумани Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, «Боксёр» лақабли (1984 йилда туғилган) шахс ҳамда 2003 йилда туғилган Тиббиёт институти талабаси ҳам қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.