Ҳолат Андижон вилояти Божхона бошқармасининг «Дўстлик» чегара божхона постида аниқланган.

Маълум қилинишича, қўшни давлатга чиқиб кетаётган 51 ёшли фуқаро 35,6 минг АҚШ долларини бошидаги дўпписи ичига яширган ҳолда олиб чиқишга уринган. Божхона назорати давомида мазкур қонунбузарлик фош этилган.

Фуқаро божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўровида ҳам ушбу нақд хорижий валютани маълум қилмаган. Шу боис пул маблағлари процессуал тартибда олиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга мувофиқ, Ўзбекистондан резидентлар 100 миллион сўм эквивалентигача бўлган нақд хорижий валютани эркин олиб чиқишлари мумкин.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.