Марҳамат туман ҳокимлиги маълумотига кўра, воқеа 10 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассаса ҳудудида хизмат вазифаларини бажариш жараёнида юз берган. Оқибатда техник ходимлар И. Нишонов, М. Матхолиқов, Қ. Мамажонов ҳамда Л. Қосимов вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, сувлар оқимини таъминлаш тизимида юзага келган носозликни бартараф этиш учун аввал чуқурга сантехник тушган. Чуқурда ҳаво етишмаслиги сабабли уни қутқариш мақсадида электрик, боғбон ҳамда ахлат ташиш машинаси ҳайдовчиси ҳам пастга тушган. Бироқ тўртала ходим ҳам ҳаво етишмайдиган муҳитда ҳушидан кетиб, вафот этган. Кўрсатилган тиббий ёрдам самара бермаган.
Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан воқеа жойига зудлик билан вилоят ҳокимининг икки нафар ўринбосари етиб бориб, ҳолатни ўрганган. Шунингдек, марҳумларнинг ҳар бир хонадонига ташриф буюрилиб, оила аъзоларига вилоят ҳокими номидан ҳамдардлик билдирилган. Дафн маросимини ташкил этиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар ҳал этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳар томонлама ва холисона тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Шунингдек, ҳодисадан сўнг Андижон вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ҳамда хавфи юқори бўлган объектларда ишларни ташкил этиш талабларига риоя этилиши юзасидан қўшимча ўрганиш ва назорат тадбирлари кучайтирилган.
Мутасадди ташкилотлар маълум қилишича, ҳолат тўлиқ назоратга олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари якунида воқеанинг барча сабаб ва омилларига ҳуқуқий баҳо берилади.