Тақдим этилган воситалар замонавий полимер занжир реакцияси ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25 000 та COVID-19 тестларини ўтказишга имкон беради. Ушбу технология одам организмида вирусли ДНК мавжудлигини касаллик белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлайди, бу эса соғлиқни сақлаш муассасаларига беморни жуда эрта изоляция қилиш ҳамда пандемияни тугатиш учун муҳим бўлган юқиш занжирини узишга имкон беради.

«COVID-19 пандемияси биз учун умумий душман ва умумий жавобгарликдир. Ушбу ёрдам узоқ вақтдан буён АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистоннинг жамоатчилик соғлиғини сақлаш йўлидаги таҳдидларга қарши курашида ёрдам беришга содиқлигига асосланган. Ушбу шериклик эпидемия бошланишидан анча олдин бошланган ва у тугаганидан кейин ҳам давом этади»,- деди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер.

Мазкур ёрдам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун CDC эълон қилган 2,07 миллион долларнинг бир қисми ҳисобланади. Касаллик авж олар экан, CDC Ўзбекистонга шошилинчи тиббий ёрдам марказлари ташкил этиш, чегарадан ўтиш жойларида тиббий кўрикни яхшилаш, клиник ва лаборатория назорати, маълумотлар устида ишлаш ва контактлар кузатуви бўйича онлайн маслаҳатлар ҳам бериб борди, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.