12 январда бўлиб ўтган Универсиаданинг тантанали очилиш маросимида иштирок этаётган 46 та мамлакат спорт делегацияси ўз давлати байроғи билан спорт майдони бўйлаб ҳаракатланди. Шулар қаторида ўзбекистонлик спортчи-талабалар ҳам Ватанимиз байроғини тантанали равишда олиб ўтди.
«Қишни асрайлик!» шиори остида ўтаётган жорий Универсиада ўйинларида дунё мамлакатларининг 540 дан ортиқ университет ва бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1 443 нафар талаба-спортчиси қатнашяпти. Мазкур Универсиада ўйинларида Ўзбекистон талаба-спортчиларининг 13 нафари учта спорт тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугун бир қатор спорт турларида, жумладан, вакилларимиз қатнашадиган снобуорд ва тоғ чанғиси йўналишларида дастлабки саралаш баҳслари ўтказилади, деб хабар беради «Дунё» АА.
Қишки Универсиада ўйинлари 22 январга қадар давом этади.