Таъкидлаш ўринлики, бугун АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик алоқалар ривожланиб бормоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорлик кундан-кунга ўсиб бормоқда.
Ташриф давомида элчи АҚШ элчихонаси таълим дастурларида университет профессор ўқитувчиларининг иштироки, АҚШ олий таълим муассасалари билан илмий ва академик алоқаларнинг йўлга қўйилганлиги, чет тилларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, янги ташкил этилган факультет ва кафедралар фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, янги ташкил этилган биотехнология факультети ўқув лабораториялари билан танишиб, талабаларнинг биологик ҳужайралар ва ихтиология фанларини ўқитиш жараёнини кузатди. Инглиз филологияси факультетидаги ACCESS ўқув марказида эса 1-босқич талабалари билан инглиз тили дастурлари доирасида суҳбатлашди.
Шундан сўнг амалий математика кафедраси қошида ташкил этилган IT park фаолияти билан танишиб, дастурчи талабалар билан ўзаро фикр алмашди. Ахборот ресурс марказида эса Инглиз филологияси факультети талабалари, ўқитувчилари, Наманганда фаолият олиб бораётган АҚШлик мутахассислар, ACCESS лойиҳаси бўйича иштирокчи талабалар билан учрашиб, улар билан чет тилини ўқитишни янада такомиллаштириш бўйича музокара ўтказди. Маълумки, ўқитувчи Маъмура Алимова томонидан ACCESS дастури бўйича 25 минг АҚШ доллари миқдорида грант лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, АҚШ давлат департаменти дастурлари доирасида шу кунгача НамДУнинг 20 га яқин талаба ва ўқитувчилари АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасаларида стажировка ва малака ошириш курсларида қатнашиб қайтдилар.
Дэниел Розенблюм Наманган давлат университетида бўлаётган ўзгаришлар, илмий ва академик ютуқлар, лойиҳа доирасида эришилаётган натижалар ва уларнинг ўқув жараёнида самарали қўлланилаётганини юқори баҳолади, келгусида манфаатли ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Санжарбек ҲАМИДОВ