Оқшом чоғи мўъжазгина маҳалламизда ҳаёт жўш урар, ҳовлилардан чиқиб келган болаларнинг самимиятга тўла кулгилари ўйин иштиёқи билан туташиб, тупроқ ҳиди келиб турган маҳалла қиёфасига ўзгача мазмун, руҳ бағишларди.
Кинотасмасидек кўз олдимдан ўтаётган тасвирларда самимият балқиб турган юзлар,
жарангли кулгилар, тортишувлар бирин-кетин ўтиб боради. Энг севимли ўйинимиз “Оқ
теракми, кўк терак”ка ҳозирлик кўрамиз. Тезда икки гуруҳга бўлиниб, бир-биримизга
қарши саф тортамиз. Гуруҳимиз етакчиси рақиб томонга қараб баланд овозда сўрайди:
— Оқ теракми, кўк терак, биздан сизга ким керак?
— Гулчеҳра керак!
Гулчеҳра югурганча рақиб сафини ёриб ўтишга ҳаракат қилади. Бу ўйиннинг
энг ҳаяжонли лаҳзаси. Шиддат зарбига дош бера олмаган рақиб жамоасининг сафи
бузилади. У ўзи билан қарши томондан бир
болани олиб кетади. Кейин навбат билан яна чақирилади...
Болалик вақтни ҳис қилмайди. Алламаҳалгача давом этган ўйиндан сўнг
катталарнинг қистови билан юзларимиз ҳаяжон ва ҳаракатдан бўғриққанча
уй-уйимизга тарқаламиз.
Ўйинларнинг ҳам руҳи бўлса керак. Бу руҳ ўша пайтда
ҳаракатчан, вужуди ва қарашлари соғлом, чиниққан болаларга дўстлик ва ҳаётдан
завқ олиш қобилиятини улашган бўлса ажаб эмас. Ўйинлардан руҳу танга кўчган
жисмоний куч, тезкорлик, жамоавийлик ва мардлик сифати кейинчалик ирода, сабр,
чидам, қайта уриниб кўриш каби фазилатларни юзага келтирди. Булар эса ҳаёт
йўлларида бот-бот қўл келди, барчамизни синовлар қаршисида мардона туриш, оғир
вазиятларда ўзини йўқотмаслик, қийинчиликларга қарамай ҳаракатда давом этишга
ўргатди.
Шу кунларда...
Халқ ўйинлари ҳамиша ёш авлодни ҳалоллик, чапдастлик, жасорат, орият каби
инсоний фазилатлар, жисмонан бақувват, соғлом бўлишга ундаган. Орзу-истаклар ва
интилишлар ифодаси бўлган бу ўйинлар сайиллар, байрамларга кўрк бағишлаган.
Курашларда ҳалол, мард полвон, улоқда чапдаст ва моҳир чавандоз олқишланган.
Деярли барча ҳаракатлар замиридан меҳнат ва жисмоний тарбияга ошнолик, соғлом
авлод орзуси ўрин олган.
Ана шу эзгу анъана бугунги кунда янгича маъно ва мазмун билан давом
эттирилмоқда. Шу кунларда олис қишлоқлар, тоғ ён бағирлари, далалар ва
яйловларда баҳорги сайиллар бўлиб ўтяпти. Ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ
ўйинлари, томошалар ташкил этилмоқда. Ҳаракатли ўйинлар замиридаги элу юрт
хизматига камарбасталик, ватанга муҳаббат туйғуларини ҳис қилиш қийин эмас.
Қолаверса, соғлом турмуш тарзи шаклланишида уларнинг ўрни алоҳида.
Изланишлар ҳаракатли ўйинлар функционал органлар
фаолиятини бошқарувчи марказий нерв тизимига ҳар томонлама ижобий таъсир
этишини исботлаган. Ўйин давомида болалар муайян ролларга, образларга кириши
уларда излаш, ижодкорлик, топқирлик, зукколик каби хислатлар, хотира, диққат,
идрок, тафаккур, ирода каби қобилият, мардлик, ботирлик, жасурлик каби
фазилатларни шакллантиради. Болаларнинг жисмонан саломатлиги, соғлом руҳияти
камол топишида бу ўйинларнинг аҳамияти
катта.
— Халқ ўйинлари эркаклар, аёллар ва аралаш ўйин турларига бўлинади, —
дейди филология фанлари доктори, профессор Шомирза Турдимов. — Масалан, қизлар ўйнайдиган “тўп тош”да қўл
ва кўз ҳаракатлари уйғунлиги воситасидаги ҳаракатлар инсоннинг фикрини бир
жойга жамлаши билан характерланади. Қиз бола тошни бир жойга жамлайди, санайди
ва кейин сочиб юборади. Ўйин пайтида ўзига хос оҳанг билан қўшиқ айтади. Қўшиқ
оҳанги қўл ҳаракатлари билан уйғун, бу эса бутун вужуд ва руҳга осойишталик
бағишлайди.
Халқимизда “пўта солди” деган ўйин бор. Пўта — белбоғ дегани. Бу ўйинни
қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам давра бўлиб ўйнайди. У иштирокчиларни югуришга
ундайди. Югураётган бола белбоғни олишга улгуриши керак. Чаққонлик, чапдастлик
вужудни силкитиб, мушакларни ҳаракатга келтиради. Ўпка тўйиб нафас олади.
“Қувлашмачоқ”, “мокки” ўйинлари юриш, югуришни рағбатлантирса, “қармоқча”,
“дўнгдан дўнгга”, “қаричма-қарич” ўйинларида тўхташ, сакраш талаб этилади.
“Тортишмачоқ”, “кун ва тун”, “кўп учун кураш”, “отиб қочар” ўйинлари эса куч,
тезкорлик, чидамкорлик, эгилувчанликка ўргатади.
“Чиллак” “тортишмачоқ”, “супур-супур”, “тош кўтариш”, “от устида кураш”,
“кўпкари”, “ланка”, “арқон тортиш” ўйинлари ҳақида катта авлод вакиллари яхши
билади. Буларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида ҳам жисмоний, ҳам руҳий
саломатликни мустаҳкамлайди.
Масалан, “чиллак” ўйинида бир зум нафас олмаслик шарти бор. Ўйин
натижасига кўра, ютқазган томон нафас олмасдан ютган томонни белгиланган
масофадан олиб келиши керак. Нафасни
ушлаб туриш талаб этилади, бу эса ўпка кенгайишига сабаб бўлади. Ўпканинг
кенгайиши юрак-қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра,
дунёда энг кўп учрайдиган онкологик касаллик тури — ўпка саратони. Ҳар йили 2,5
миллионга яқин кишига шу ташхис қўйилади. Ҳар қандай касалликдан ҳимоя инсоннинг
турмуш тарзи, хатти-ҳаракати билан боғлиқлигини инобатга олсак, ҳаракатли
ўйинлар, улар орқали вужудга келадиган соғлом жисм ва руҳият хасталикларнинг
ажойиб профилактикаси экани аён бўлади.
Ёвқурлар беллашуви
Болалигимда бобомнинг иккита нонни белбоғига тугиб, олис тоғли қишлоққа,
кўпкарига отланганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Бобом соғлом ва бақувват, ўктам
қарашларида ҳаётнинг чуқур маъноси бор инсон эди. У ҳар гал кўпкари ҳақида
гапираркан, от устида шамолдек елган кунлари хотирасида жонланар, ёрқин ва
шукуҳли ғалабалар ҳақидаги ҳикояларни биз ғурур ва ҳаяжон билан тинглардик.
Ҳикоялар бизни беллашув майдонларига олиб борар, юзлари баҳорнинг салқин
шамолида афсонавий қиёфа касб этган, рақиблар орасида жасорат ва ғурур билан от
сурган бобом жисм ёвқурлиги, руҳ саломатлигида бетимсол эди гўё.
— Кўпкари мардлар, полвонлар, довюраклар беллашуви,
— дейди педагогика фанлари доктори, профессор Талъат Усмонхўжаев. — У қадимда ҳосил байрами, тўйлар, баҳорги
сайилларда ўйналган. Томошага келганлар хавфсизлиги, ўйинга халақит бермаслиги
учун мўлжалланган майдон арава (ҳозир автоуловлар) билан ўралади. Томошабин
узоқроқдан туриб кузатади. Кўпкари-улоқ азалдан йигитларни моҳир овчи, мерган,
кураги ерга тегмайдиган паҳлавон, жисмонан бақувват, соғлом қилиб тарбиялаган.
Тиниқ ва тоза ҳаво, фаол бир муҳит, табиат билан яқинлик, қизғин беллашув ва
ҳис-ҳаяжон одамлар кайфиятини кўтарган. Чавандоздаги чапдастлик, қийин
паллаларда зарур қарорни қабул қилиши, сабр ва матонати руҳий саломатликка
ижобий таъсир кўрсатган.
Бугун ҳам ҳудудларда халқ сайилларида кўпкари-улоқ қизғин беллашувлар
асосида ўтказиб келиняпти. Моҳир чавандозлар кашф этиляпти, эл олқиши ва
ҳурматига сазовор бўлмоқда.
— Кўпкари тез ҳаракат талаб қиладиган ўйин, — дейди
Талъат Усмонхўжаев. — Беллашув учун мўлжалланган майдон ўртасига баковул улоқ
ташлайди. Улоқни қўлга киритиш учун чавандозлар ҳаракати бошланади. Қалблар
юзлаб отлар дупуридан жунбушга келади. Улоқни майдондан олиб чиқиш ғолиблик
саналади. Ғалаба учун кураш кескин, шиддатли кечади. Яхши от, билак кучи,
моҳирлик, чапдастлик ғалаба гаровидир. Бу ерда йигитнинг ори, ғурури синалади.
Курашларда қатъият, ирода билан бирга жисм ва руҳ саломатлиги ҳам тобланиб
боради.
Белбоғли кураш
Қадимги халқ сайиллари, байрамлари
ва тўйларининг кўрки бўлган белбоғли кураш Фарғона водийси ва унга туташ
ҳудудлар — Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ривожланган. Полвонлар юрт
оқсоқоллари ва улуғларидан дуо олиб майдонга тушган. Бу кураш турида ўзбекона
лутф, мардлик ва ҳалимлик ўз ифодасини топган. Беллашувда ғолиб чиққан полвон
йиқилган рақибини ҳурмат билан турғизиб қўяди. Енгилган полвон ҳам рақибига тан
бериб, елкасига қоқиб қўяди. Бу ҳам мардлик, адолатпарварлик, ўзидан кучсиз
одамга ҳурмат кўрсатиш каби фазилатдир.
— Белбоғли курашнинг кўп
жиҳатлари ўзбек халқ миллий курашига ўхшаб кетади, лекин бунда полвонлар асосан
белбоғ орқали курашади, — дейди Талъат Усмонхўжаев. — Кураш қоидаларига
келсак, баҳсларда полвонлар бир-бирининг белбоғидан ушлаб беллашади. Белбоғни
қўйиб юбориш мумкин эмас. Барча ҳаракатлар белбоғни ушлаган ҳолда бажарилади.
Асосий мақсад рақибни мувозанатдан чиқариб, ерга йиқитиш. Ғирром бўлмаган аниқ
ҳаракатлар ғалабани таъминлайди.
Курашчи алпқомат, эпчил бўлибгина қолмай, рақиби ҳаракатларини тана орқали
сезиш қобилиятига эга бўлиши керак. Бу курашда юрак-қон томирлари
мустаҳкамланади. Мушакларнинг кучли бўлиши қоматни тик сақлашга ёрдам беради.
Асабийликни енгиш, ўзига ишончнинг ортишига замин яратади. Интизом, ҳурмат ва одоб, сабр-тоқат ва
матонат шаклланади. Руҳий барқарорликка сабаб бўлади.
— Бу спорт тури, айниқса, болалар
саломатлигини яхшилайди, агар у тўғри ва назорат остида бажарилса, — дейди
болалар шифокори Нигора Норбекова. — Кураш машғулотлари организмни чиниқтириб,
мушаклар ишини яхшилайди. Қон айланиши, юрак фаолиятига ижобий таъсир қилади.
Куч ва чидамлилик ҳаракатларни аниқ ва мувофиқ бажаришга ўргатади. Лекин
машқлар малакали мураббийлар назоратида ўтказилиши мақсадга мувофиқ.
Эзгу қадрият болалар қалбига қайтадими?
Олис болалик йилларининг тупроқ кўчалари. Ариқларни
тўлдириб оққан сув фақат муҳит эмас, балки табиат билан боғланиш имкони, ҳаётий
ҳаракат ва жисмоний қувват манбаи ҳам. Ариқ устидан ким кўп сакраш бўйича
беллашамиз. Ўйинларнинг турлари кўп: “беркинмачоқ”, “қармоқча”, “узоққа отиш”,
“арқон тортиш”, “ғозлар — оққушлар”...
Ўйин учун мўлжалланган жой — эркин ижод майдони. Чунки бу майдонда реал
ҳаракатлар билан бирга тасаввурлар ҳам илгари сурилади. Мажбуриятлардан холи,
табиийликка, эркинликка интилиш бор. Ҳаётни англаш, қайта яратиш ва унга
маъно бериш шу ердан бошланади гўё.
— Болаларга алла айтилганда, улар қўшиқ оҳангини
англай бошлайди, — дейди Шомирза Турдимов. — Эҳтимол, алланинг маъносини
тушунмас, лекин боланинг мусиқага муносабати шаклланади. Топишмоқ болани
образли фикрлашга йўналтиради. Эртак эса билимли қилади. Ўйинлар болаларни
жамиятга аралаштиради. Иштирокчилар санама орқали адолат билан икки гуруҳга
ажратилади. Энг асосийси, ўйинбоши ва ўйиннинг иштирок этувчиси бўлади. Ҳамма
ҳам ўйинбоши бўлавермайди. Ўйиннинг ичида жамоани бошқарадиган, тартибини
ташкил қиладиган, адолат билан ҳукм чиқарадиган етакчилар шаклланади. Ихтиёрий
ўйналади ва боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилмайди. У жамиятга фаол
қўшилади. Юриш, югуриш, сакраш ва эмаклаш каби ҳаракатлар орқали бола жисмонан
соғлом бўлиб вояга етади.
Бугун ўзгача манзарага гувоҳ бўляпмиз. Болалар аксарият вақтини компьютер
ва гаджетлар қаршисида ўтказмоқда. Нотўғри ҳолат сколиоз, қон айланишининг
ёмонлашиши ва бўйин умуртқасига юкнинг ошишига олиб келиши мумкин. Агар бу ҳол
узоқ вақт давом этса, бу ўзгаришлар янада кучаяди.
Кўзлар экран нуридан азият чекади. Мутахассислар “қуруқ кўз синдроми”
юзага келишини таъкидламоқда. Болалар кўзларига дам бериш учун мунтазам равишда
экрандан узоқроққа қарашлари, йироқдаги нарсаларга эътибор қаратиши муҳим.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ўсмирларда ёлғизлик ҳисси ҳам
кучаяди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунё бўйлаб болалар
ўртасида ортиқча вазн ва семириш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. 2025 йилда илк
бор болалар ўртасида семириш ҳолатлари озғинлик кўрсаткичларидан анча юқори
бўлган. Хусусан, мактаб ёшидаги ҳар ўнинчи бола ва ўсмир семиришдан азият
чекяпти. Ҳар бешинчиси, яъни жами 391 миллион ўғил-қиз ортиқча вазнга эга.
Шунингдек, дунё аҳолиси орасида 800 миллиондан ортиқ киши қандли диабетга
чалинган.
Тадқиқотчилар буни носоғлом овқатланиш рациони, яъни
арзон ва юқори калорияли маҳсулотлар истеъмоли оммалашгани билан боғлашаётган
бўлса-да, яна бир омилни истисно қилиб бўлмайди. Бу — камҳаракатлилик.
Мушаклар кучининг
заифлашиши ва қон айланиши бузилиши, нафас сиқилиши, чарчоқ, меҳнат ва ўқиш
қобилияти пасайиши, турли сурункали касалликлар камҳаракатлилик ортидан юзага
келиши сир эмас.
Бу ҳолда нима қилиш мумкин? Миллий ўйинларнинг жозибаси, оҳорини болалар
қалбига қайтариш йўллари борми?
— Бундай ўйинларнинг айрим турларини замонавий спорт ёки таълим
технологиялари билан уйғунлаштириш кутилган натижани бериши мумкин, — дейди
Талъат Усмонхўжаев. — Бунда мутахассисларнинг ижодкорлиги катта аҳамиятга эга.
Болаларни бутун қалби билан яхши кўрадиган, улар билан шуғулланишдан
чарчамайдиган устоз, ижодкорлар керак. Педагогика соҳасида лоқайдлик ярамайди.
Бола эгилувчан. Қайси томонга йўналтирсанг, шу томонга юради. Агар миллий
ўйинлар замонавий спорт турлари билан уйғунлаштирилиб, таълим жараёнига татбиқ
этилса, дарс жараёнларида улардан кенгроқ фойдаланилса, ўйинларнинг
таъсирчанлиги ошади.
Бугунги кунда миллий ўйинларнинг баъзилари унутилмоқда. Уларни қайта
тиклаш ва ёш авлодга етказиш чораларини кўриш керак. Aввало, қайси миллий
ўйинни тиклаш кераклиги, унинг манбаларини ўрганиш зарур. Бу илмий методик,
қоидавий, эстетик жиҳатдан пухта амалга оширилиши шарт. Шундагина ўйинлар
фольклор даражасидан институционал, мазмунан янгиланган, гўзал қадрият сифатида
ёш авлодга тақдим этилади.
Профессорнинг таъкидлашича, замонавий формат, мусобақалар, тарғибот ўз
таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Ёшлар орасида спортга қизиқиш, жисмоний
камолотга интилиш ортади. Эски ўзбекона маҳаллалар руҳига мос тарзда
ўтказиладиган миллий ўйинлар бўйича мусобақалар юртимизга ташриф буюрадиган
сайёҳларни бефарқ қолдирмаслиги, бу, айниқса, халқаро фестивалларга айланса,
юрт шуҳратини янада ёйиши шубҳасиз. Шунингдек, илмий тадқиқотлар қилиниши
керак. Бу инновацион янги спорт турлари яратилишига туртки беради. Янги
изланишлар ўз ўрнида халқимиз меросини сақлаш ва давомийлигини таъминлашга
ҳисса қўшади.
Бугунги камҳаракатлилик ва унинг оқибатида юзага
келаётган касалликлар асорати глобал муаммога айланиб бораётган бир пайтда халқ
ҳаракатли ўйинлари моҳиятини қайта англаш, уларни замон руҳига мос равишда
ривожлантириш зарурати юзага чиқмоқда. Миллий ўйинларни замонавий спорт турлари
билан интеграция қилиш, донишманд
халқнинг қалб қўрини асраш, бойитиш, кейинги авлодга бус-бутун етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаси. Соғлом ва
баркамол миллат орзуси билан ҳамоҳанг бу вазифа ватанпарвар, фидойи, жисмонан
бақувват, руҳан етук йигит-қизларни вояга
етказиши, уларни эл-юрт равнақи йўлида сафарбар этишига ишончимиз комил.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири