Ўйинларнинг холисона ва адолатли баҳоланиши учун ҳар бир давлат вакилидан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилган. Улар орасида юртимиздан вакил сифатида полковник Шокир Хаиров қатнашмоқда. Алабино полигонида ташкил этилган “Танк биатлони” мусобақаси ҳакамлари таркибидан иборат йиғилишда мусобақа давомида баҳолаш ишларини одиллик ва холислик билан олиб бориш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Кеча, 17 август куни “Танк биатлони” мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтиш жоизки, “Танк биатлони” мусобақаси икки гуруҳда ўтказилмоқда. Биринчи гуруҳда мусобақада бир неча йиллардан буён иштирок этиб келаётган жамоалар ўрин олган бўлса, иккинчи гуруҳдан илк маротаба “Танк биатлони” мусобақасида қатнашаётган давлатлар ҳарбий хизматчилари жой олган.

Қуръа ташлаш натижаларига кўра, биринчи гуруҳда қатнашаётган ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокидаги баҳслар 25, 27, 30 август кунлари бўлиб ўтади. Улар кўк рангли танкда ғолиблик учун кураш олиб боради.

Ўша куннинг ўзида жамоалар мусобақа давомида ҳаракатланиши учун жанговар техникаларни қабул қилиб олдилар.

Халқаро мусобақага  32 та давлатдан сара мутахассислар йиғилган. Натижани вақт кўрсатади. Халқимиз кўз тиккан мусобақа иштирокчиларига фақат ғалаба ёр бўлишини тилаймиз!

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникциялар департаменти

Москва вилояти, Алабино полигони