Мазкур мусобақада иштирокчи жамоалар белгиланган нишонларни ТОЗ-8 қуроли билан яксон қилиш, 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш, Дог биатлон (яккалик пойга) ва 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафета югуриш шартларида ўз маҳоратларини кўрсатишди. Жамоамиз вакили сержант Улуғбек Нуриллаев 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида янги рекордни ўрнатгани ҳам ушбу ғалабага муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.  

  

Шундай қилиб эркаклар жамоалари ўртасида ўтган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ҳарбий кинологларимиз фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни эса Россия Федерацияси жамоаси ва учинчи ўринни Беларусь вакиллари банд этишди.

Бу йилги мусобақада аёллар жамоамиз ҳам илк бор иштирок этди. Лекин шунга қарамай томирида Тўмарис қони оқаётган қизларимиз беллашувларнинг дастлабки шартларидан ўз маҳоратларини кўрсата олди ва якунда илк иштирокдаёқ ғалабани қўлга киритди.

Шундай қилиб аёллар ўртасидаги мусобақада биринчи ўринни Ўзбекистон, иккинчи ўринни Россия Федерацияси ва учинчи ўринни Алжир Халқ Демократик Республикаси жамоалари қўлга киритди.

 

 

Бутун Ўзбекистон халқини мана шу ғалаба билан чин юракдан табриклаймиз.

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти