Унда комиссияси, Бош прокуратура, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида олиб борилган “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун, соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари ижроси ва ушбу соҳа учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича прокурор назорати ҳолатининг ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Кофир қала, Номсизтепа, Янгиариқ объектларини кўздан кечиришган. Шунингдек, улар Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат музейи қўриқхонасида бўлиб, бу ерда археология ашёларини давлатга топширилганлиги, давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганлиги, археология ашёларининг ҳисобга олиниши ва сақланишида қонун талабларига риоя қилинганлигини батафсил ўрганиб чиққан.
Ўрганиш натижалари сенаторлар томонидан қаттиқ танқид қилиниб, қуйидагилар айтиб ўтилди. Жумладан, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ва “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга асосан Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармаси археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назорати етарли даражада таъминланмаганлиги оқибатида вилоятда жойлашган 86 та археология мерос объекти жиддий шикастланган ёки улар йўқ бўлиб кетган.
Ўтган 30 йил давомида археологик тадқиқотлар натижасида топилган ашёларни давлатга топширилиши устидан етарли назорат амалга оширилмаган. Қанча ашёлар топилгани ҳамда қайси муассасаларга топширилгани ҳақида ҳаққоний ҳисоботлар жамланмаган. Мутасадди ташкилотлар томонидан археология тадқиқотлари натижасида қанча ашёлар топилгани ва қайси муассасаларга топширилгани таҳлил қилинмаган.
Давлат каталоги юритилмаган, топилган 4 712 та ашё давлат каталогидан рўйхатдан ўтказилмаган. Вилоятда мавжуд 973 та археология мероси объектининг 477 таси ёки 49 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган.
Сенаторлар томонидан бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига эътибор қаратилиб, жами вилоят бўйича 58 та археология мероси объекти бузилиши ёки йўқ қилиб юборилиши оқибатида давлат манфаатларига 1 трлн. 57,7 млрд сўмлик зарар етказилганлиги қайд этилди.
Вилоят бўйича 28 та археология объектлари муҳофаза ҳудудлари бузилиб, қурилишлар қилинган ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган. Моддий-маданий объектлар ҳолатини назорат қилиш ва уларни асраш юзасидан жорий ва истиқбол дастурлар ишлаб чиқилмаганлиги сабабли уларнинг ҳолати тизимли хатловдан ўтказилмаган.
Президентнинг 2018 йил 16 январдаги “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида номигагина хатлов ўтказилган ва унинг натижалари ҳам ҳаққоний бўлмаганлиги алоҳида таъкидланди. Хатлов натижасига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарор билан вилоятдаги 971 та археология мероси объектлари миллий рўйхати тасдиқланган бўлса-да, бироқ миллий рўйхатга киритилган айрим археология мероси объектлари ҳозирда мавжудлиги жойига чиқиб ўрганилмаган. 2 та археология мероси объекти ўз вақтида аниқланмаган ва ҳисобга олинмаган.
Мажлисда соҳаларда учраётган тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида прокуратура органлари, Туризм ва спорт вазирликларига қўмита ва комиссия аъзолари томонидан тавсиялар берилиб, тегишли топшириқлар акс эттирилган қарор қабул қилинди. деб хабар беради Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.