“Мен бу асарни ўтган асрнинг энг қора кунларига қайтиб, жадид момоларимиз билан бирга ёниб, куйиб, мустабид тузум қамоқхоналарининг зах ертўлаларида фарёд чекиб ёздим. Улар нима учун бунчалар қаттиқ азоб ва ғам чекди? Миллатни озод кўриш, маърифатли ва бахтли кунлар тезроқ келиши учун ўз умрини қурбон қилишган жасоратли аёллар эди”, дейди шеърий роман муаллифи Шарифа САЛИМОВА.     

– Шарифа опа, миллатимиз эртаси, озодлиги учун бир сафда курашган жадид аёллар ва уларнинг аччиқ қисмати барчамизни ўйлантириб келаётган жуда оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади. Сиз ушбу оғир мавзуга қўл уриб, жадидларнинг оналари, аёллари, сингиллари бошига тушган қора кунларни ёритишга, айни мавзуни қаламга олишингизга нима туртки бўлди?    

Чиндан ҳам бу мавзу ўзбекман деган ҳар бир инсоннинг кўксини ўядиган, жароҳатларимизни тирнаб, қон сирқиратадиган саволлари кўп мавзудир. Аслида бу аёллар жасоратини, матонатини таъриф этмоққа қаламларимиз сиёҳи етмайди. Агар юртимиздаги барча ижодкорлар бир умрлик ижодий маҳсулларини бағишласалар ҳам жадид момоларимиз чеккан бир соатлик изтиробга тенг келармикан... Мен парламентда “Оила ва хотин-қизлар муаммолари” комиссияси раиси бўлиб ишлаганимда жадид хотин-қизлар ҳаёти билан қаттиқ қизиқдим ва академик олимимиз Наим Каримов билан боғланиб “Қор қўйнида лолалар” деб номланган бир китоб тайёрлаганмиз.  Ўша китобга аёл ижодкорларнинг жадид боболаримиз ва момоларимиз ҳақида ёзилган барча очерклари ва мақолаларини жамлаган эдик. Мана шу кичик бир лойиҳани тайёрлаган чоғимда анчадан бери мени изтиробга солиб келаётган дардларга малҳам қўйилгандек бўлди. Лекин ўша таскин вақт ўтиши билан яна оловлана бошлади. Ахир биз ҳам уларга муносиб авлод бўлишимиз кераклигини унутмаслигимиз лозим. Ҳаёт, умр оқар сувдек тез ўтишини ўз қалбимиз ва оғриқларимиз билан сездик. Ва англадикки, энг олий саодат миллат шарафи, шаъни учун меҳнат қилмоқлик, яшамоқликдир. Ана шу масъулият йўлидаги изланишларимни янги шеърий роман орқали давом эттирганимдан хурсандман.

– Романда Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидхонова каби ўнлаб аёлларимизнинг аччиқ қисматини  уларнинг мактублари, хотиралари, тарихий далиллар билан ифодалагансиз. Бадиий бўёқлар билан давр фожиаларини очиб беришга ҳаракат қилгансиз. Ана шу мактубларда ҳалигача ошкор қилинмаган маълумотлар борлиги бизни ажаблантирди...

Нимасини айтасиз.... Асарни ёзаётган чоғимда бу аёллар қисматига руҳан рўбарў келдим, машаққатларини ҳис этиб ўртаниб кетдим. Билдимки, улар тортган азоблар эркакларникидан заррача кам эмас. Миллат дарди билан улуғ йўлга отланган паҳлавон ўғлони қисматидан куйган оналар додини айтасизми... Улкан мақсад йўлида жон беришга шай боболаримизнинг оқила ва матонатли турмуш ўртоқлари ҳайвондан баттар ёвуз инсонларнинг қандай хорликлари ва зўрликларига рўбарў келганини ўқиб кечалари тўлғондим, уят ва номусдан ўртандим. Меҳрибон ва жонкуяр опа-сингилларнинг мард ва жасур акалари учун ўз оилаларидан жудо бўлганлари, саргардонликда қолган бўлса-да, жигарларидан воз кечмаганликларини ўқиганимда титрадим...

 Таниқли ва оловқалб ўзбек журналисти Марям Султонмуродованинг ҳаётига назар ташлаганимизда у  кабилар босиб ўтган йўллар,  қатағон даҳшатлари танингизни музлатиб юборади. Кўксига олти ойлик дилбанди –  Анора  исмли  қизалоғини босиб, эмизиб ўтирган аёлда нима айб?   Тонгда бостириб кириб, она кўкрагидан болани юлиб олиш...Қўлларини қайириб, сен Ватан хоинисан, деб олиб кетиш, тергов пайтларида ўша олти ойлик қизалоқни ўртага қўйиб, қўрқитиш, туҳмат билан бўялган қоғозларга қўл қўйишга мажбурлаш...

Бу чексиз азобни кўтариш осон бўлганми... “Хайринисо, азиз дугонам, мени Магаданга сургун қилишди. Поездда кетаяпман ҳозир... Бу сўнгсиз азоблардан ҳатто кўксимдаги сут ҳам музлаб қолди. Билмадим, бу мудҳиш поезд мени қайси қоронғу ўлкаларга олиб кетмоқда. Биламан, бу мактубим сенга етиб бормайди. Дийдор қиёматга қолди. Мендан рози бўл, дўстим”, деб ёзади ўз мактубида Марямхон.

Асарни ёзаётганимда кўпинча кўзойнагим кўз ёшларимдан хира тортиб қолди. Мен аёлларимизнинг ўй-хаёллари, армонлари, тортган азобларини бадиий бўёқларда тасвирладим. Хаёлот, тасаввур кучига таяндим. 

“Дугонажон, бизнинг айбимиз ҳур фикрлаганимиз, халқимизни маърифатли ва озод кўришни истаганимизми...Бу қисмат қанчалар аччиқ бўлмасин, шарафлидир. Шундай тақдир учун Аллоҳдан розиман. Эсингдами, хорижга борганимизда биргаликда куйлаган қўшиқларимиз. Адабиёт ва шеърият ҳақида гаплашиб, шоир Боту сенга бағишлаб ёзган шеърини жўр бўлиб ўқиганимиз. “Эҳтиёт бўл, гўзал қуш” деган жойлари бор эдия... Бежиз эмас экан ўша гаплар... Сен ўшанда менга албатта Алишер Навоийдан таржима қилинг, дея тайинлаган эдинг...”

     Магаданда сургунда кечган  заҳаролуд кунлар... Марямхоннинг  совуқдан  шишиб кетган оёқлари... Иситма ичида қоврилиб ётишлар... У гўё инсон эмас, у гўё аёл эмас, ватан хоини, деган тавқи лаънатга дучор бўлган маҳбус... Очликдан силласи қуриб ҳолдан тойган маҳбусларни аввал милтиқ қўндоғи билан туртиб дўқ уришади, шунда ҳам ўрнидан турмаса итдек отиб ташлашади. Қуёш ботиши олдидан эса...  жасадлар кураклар билан ўлим вагонларига ортилади. Қанчалар аламли бу ҳолатлар... Жасадлар Сибир ўрмонларига олиб борилиб,  қазилган тубсиз ўрага кураклар билан ирғитиб ташланади. Ҳатто бу ўранинг устига тупроқ ҳам тортилмайди. 

Бу ёзувларни мен ўз кўзларим билан ўқидим, фактларни солиштирдим, бирон жойда хатолик кетмаслиги учун адолат тарорзусига солиб борини холис ёзишга ҳаракат қилдим. Марямхон сургунда юрак касали, бод касали, нафас йўллари касалликларини орттиради.  Шундай бўлиши аниқ эди-да..

Сургундан қайтиб келганида ҳам ҳали болалари дийдорига тўймасдан яна унга қарши иш очишади. Бу пайтда болалари Анора ва ўғли Пўлатжон болалар уйида яшаган. Марямхон болалари билан кўришмоқчи бўлганида улар пахта даласида эканини айтишади. “Ревматизмдан оёқлари шишиб кетган онажоним пахта пайкали четига келганида мен уни таний олмадим. Пайкалнинг ўртасида турганимча қотиб қолдим. Менга етиб келиб бағрига босар-босмай онажонимга яна дўқ ура бошлашди. Кўп гаплашмаслигимиз кераклини уқтиришди. Онам ҳеч бўлмаса бир кеча шу пахта даласида қизим билан бирга қолай деб роса ялинди, афсуски, улар она фарёдига қулоқ тутадиган одам эмасди... Ҳали бир-биримиздан ҳол сўрамасимиздан иккаламизни икки ёққа айириб олиб кетишди. Бу азоблар мени тез улғайтирди. Онамга қанчалар интизор яшаб ўтганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз...”, деб ёзади Анора ўз хотираларида.

 – Тарих саҳифаларини варақласак, жадид боболаримизнинг маърифатпарвар ва эркпарвар бўлиб вояга етишларида уларнинг оналари муҳим ўрин тутганига гувоҳ бўламиз. Шу боис, жадидлар миллат фарзандларини “сочи пахмоқ, қўли тўқмоқ аёллар” эмас, зиёли, саранжом ва латофатли аёллар тарбиялашини исташган. Мустабид тузумнинг маърифатга интилган аёлларни таг томири билан йўқотишга киришгани бежиз бўлмаган...

Қатағон йилларида собиқ СССР бўйича 46 миллатга мансуб зиёлилар қамалган ва отиб ташланган экан. Мен бу маълумотларни Солженициннинг маҳбус аёлларнинг меҳнат тузатув лагерлари ҳақида ёзилган “Архипелаг ГУЛАГ” деб номланган асарида ҳам ўқидим. Мазкур лагерларга олиб келинган аёлларнинг айби бор-йўғи янгича фикрлагани, жадидларнинг турмуш ўртоғи, опаси ёки синглиси бўлганидир.

Хайринисо Мажидхоновани олайлик, унинг отаси ҳам ўша давр зиёлиларидан эди. Маърифатпарвар инсон бўлгани боис қизини хорижга ўқишга юборади. Чет элга борадиган хотин-қизлар рўйхатига унинг қизи ҳам киритилганига шунчалар хурсанд бўладики, ҳатто маҳаллий матбуотга мақола ёзиб эълон қилади. “Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовлар тўғри айтишяпти. Ёшларимиз хорижга бориб илм ўргансин, тажриба оширсин ва улар юртимизга келиб олган билимларидан халқимизни баҳраманд қилсин. Тоза оқар сувдан баҳраманд бўлгандай олимларимиз билимли ёшларимиз амалга оширган лойиҳалардан баҳраманд бўлсин, миллатимиз, халқимиз юксалсин”, дейди. Хайринисо Германияга ўқишга бориб келгач, ота-онани ҳам, қизини ҳам ҳибсга олишади. Ва ҳали жавоб бермасингдан сени ўлдирадиган саволларни беришади: “Нима мақсадда хорижга бординг? Сен халқ душманисан, чет эл кучлари ёллаган жосус эканингни тан оласанми? Олиб келган китобларингни қаерга яширдинг?” Бундай муносабатдан Хайринисонинг ранги бўздек оқариб кетади. Бир сўз айтишга мажоли қолмайди. Қатағон исковучлари ҳамма хоналарини титкилаб Гёте асарлари бўладими, Чўлпон асарлари бўладими, барча-барчасини ҳовли ўртасига қўйиб ёқиб юборишади. Хайринисо бу ҳолатга чидаб тура олмайди: “Тўхтанг! Ёқманг! Бу китобларни мен не заҳматда тўплаганман – улар менинг ноёб бойлигим!”, дейди бор овози билан. Хайринисони олиб чиқиб кетишаётганида онаси НКВД ходимлари йўлини тўсиб: “Қизимни қўйиб юбор, ёвузлар! Ноинсофлар!” дея бақиради. Улар эса муштипар онани тепиб ўтиб кетишади. Мажидхон ака шу ондаёқ бу ишларнинг қандай тугашини олдиндан сезади ва турмуш ўртоғига қараб алам билан: “Қизингдан айрилиб қолдинг, онаси!” дейди.

 Хайринисо олиб кетилганидан сўнг икки йилгача ота-онаси ундан дарак топишолмайди. Мажидхон ака ва унинг аёли қизларини излаб тегишли орган биноларига боришганида уларни ички хонага алдаб олиб кириб дўппослашади, хўрлашади. Хайринисонинг ўлими олдидан ёзган хати бор. “...Мен ойнинг нафасларига муштоқман. Қанийди ҳозир болалик чоғларимга бутунлай қайтиб кетсам. Тупроқ кўчаларда жамалаксоч дугоналарим билан шодон қийқириб ўйнасам, олмаларни оқизган зилол ариқлар бўйида хаёл суриб ўтирсам... Севикли ёрим билан учрашган дақиқаларга қайтиб унинг қадамларига энг муаттар гулларни пояндоз қилиб қўйсам... Онажон, алвидо, меҳрибоним, мен дунёга кафансиз келган эдим, охирида ҳам кафансиз кетяпман. Ахир бу ёруғ дунёда умидларим жуда кўп эди-ку!”

Хайринисони деворга суяниб хаёл суриб турганида отиб ташлашади. Деворга сачраган гул сиёҳли қон изларини тасаввур қилар эканман, бу ҳолатни тасвирлаб ёзган куним туни билан бедор юриб чиқдим.

Сталин охирги марта ўтказган йиғилиш қарорига кўра, Ўзбекистондан 130 га яқин одам отувга белгиланган экан. Мазкур қарор рўйхатида Файзулла Хўжаев ҳам бўлган...

– Файзулла Хўжаевнинг турмуш ўртоғи Малика Хўжаева жуда катта бойнинг, бухоролик савдогарнинг гул билан елпиб ўстирган арзанда қизи бўлган. Ҳар қанча эрка бўлмасин, Файзулла Хўжаевнинг бошига тушган ҳар бир кўргуликда бу аёл садоқати ва матонати билан ибрат кўрсатган. Отаси қамалгач, қизи Вилоят Хўжаева Сталин ёнига кирмоқчи бўлади. Унга рухсат беришмайди, жуда қаттиқ ҳақорат қилиб қабулхонадан чиқариб юборишади. “Сенинг аҳволинг бундан ҳам баттар бўлиши мумкин!” дея таҳдид қилишади. 16 яшар қиз уларнинг бу муомаласини кўриб, қаттиқ изтиробга тушади.

Малика опа лагерда оғирлашиб қолган кезларида Файзулла Хўжаевнинг руҳи билан учрашади. Бу учрашув лаҳзаларини таъриф этиш, ёзиш учун жуда азоб тортдим. Жуда оғир бўлди... Шу жараёнда Хадича Алиева, Собира Холдороваларнинг ҳам архивлари билан танишиб чиқдим. Ҳар бир майда деталгача ёритишга, эътиборга олишга ҳаракат қилдим. Бу лагерларда бўлган ҳар бир аёлнинг ҳаёти бир катта фожиавий роман дейиш мумкин.  Биласизми, романни ёзган кезларим даҳшатли воқеалар, қирғинлар ўтовида ёлғиз қолиб кетгандек бўлдим. Кундузги ўқиган ваҳимали маълумотларим тушларимга, тушларим архив материалларига боғланиб кетган эди.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, Сибирь, Магадан, Колима ва бошқа лагерлардаги маҳбуслар сони жуда катта рақамларни ташкил қилган экан. Аслида бу рўйхатларга кирмай қолган одамлар сони анчагина бўлса керак...

– Албатта. Қатағон машинаси ҳеч кимга шафқат қилмаган.  Бу ҳақда жуда кўп асарлар ёзилган, кинолар олинган. Ҳалигача ўрганилмоқда. Ўша тузум даврнинг энг кучли тафаккур соҳибларини буғдой бошоғидек ўриб, қисматига чанг солган бўлса, вақт келдики, уларнинг пок номи оқланиб, яна ўз халқи бағрига қайтди. Уларнинг “айби” ўз Ватанини ҳур, озод кўрмоқчи эканликларида эди. Аллоҳга шукурлар бўлсинки, биз улуғларимиз орзу қилган  мустақил, озод, ҳур Ватанимизда яшаяпмиз.

Шу билан бирга, Россияда эълон қилинган нашрларда ҳам ушбу лагерлардаги ҳаёт ва тартиб-қоидалар тўғрисида битилган кўплаб саҳифалар бор. Жумладан, олтин конларида маҳбуслар азонда соат 5 яримда туриб кечгача ишлагани, ярим соат овқатлангач, 25–30 даража совуқда ишни давом эттирганлари ёзилган. Ишчиларга номигагина овқат беришган. Бу конларда қанча маҳбуслар ишлагани ва қанчасини ертўла босиб ўлиб кетгани доим ҳам рўйхатга киритилмаган.

 – Жадид аёллар билан боғлиқ ҳар қандай маълумот ва воқелик қалбимизни титратади. Бир суҳбатимизда изланишлар жараёнида сиз илгари эшитмаган, қалбингизни ингратган икки маълумот борлиги, улар ҳақида кейинроқ сўзлаб беришингизни айтгандингиз.

– Мустабид тузумнинг асосий нияти жадид боболаримизнинг шаънини топташ, уларни бутун авлоди билан йўқ қилиб юбориш эди. Боболаримиздан бирининг турмуш ўртоғи ҳақида қуйидаги маълумотни ўқиганимда юрагим санчиб, нафас ололмай қолдим. У аёлнинг бешта фарзанди бўлган. Бечорани ҳибсга олиб, “Нега айтганимизни қилмадинг, эринг босган қадамлардан бизни бохабар қилиб турмадинг”, дея сўроқ қилишган. Терговдан сўнг турмуш ўртоғини сотмаган матонатли аёлнинг руҳини синдириш учун эркаклар қамоқхонасига қамаб қўйишган. Орадан 9 ой ўтиб ундан қизча туғилади. Унга Маҳкума деб исм қўйишади. Шу маълумотни ўқиганимда етти осмон бошимга қулаб тушгандек бўлди. Қамалган хотин-қизларнинг фарзандларини болалар колонияларига жойлаштириб, уларнинг хотирасидан ота-онаси ҳақидаги барча хотираларни йўқ қилиб ташлашган. Совет даврининг содиқ одамлари қилиб тарбиялашган.

 Даҳшатли яна бир маълумот шуки, маҳбус аёлларни отадиган киллер, яъни қотилларни танлаб олишган. Москвадаги архивларни синчиклаб ўрганганимда бундай одамлар ҳақида маълумотлар бир неча нашрларда ёзилганига гувоҳ бўлдим. Танлаб олинган жаллодларни тўйдириб ичиришган, мастлигини сездирмаслик учун атир сепдириб, яхши кийимлар кийдириб кўчаларга махсус манзилларга жойлашган.  Маҳбуслар гўёки бир жойдан бошқа жойга кўчирилаётганида ўша қотиллар овози чиқмайдиган қуролни ишлатиб, қон чиқмайдиган жойларини нишонга олишган. Ҳатто ким кўп одам ўлдиришга мусобақа ўйнашган. Энг кўп одам ўлдирган қотилларни рағбатлантиришган. Одамхўр малъунларнинг бу ишини ўз хотинлари ҳам сезишмаган. Улар эса шу ишидан топган пули билан бола-чақасини боққан. Бир неча йиллар ўтгач, ўша қотиллар ўз оғзи билан интервью ҳам беришган экан. Мана ўзимизнинг Алвастикўприкда ҳам бировлар эшитмасин деб тракторларни тириллатиб қўйиб ярим кечаси миллатимизнинг энг сара зиёлиларини отиб ташлашган-ку!

Шеърий романни ёзиб тугатгач, шаҳримиз кўчаларида пиёда одимлаб, йигирманчи аср ва йигирма биринчи аср дунёси, руҳиятини хаёлимда чоғиштирдим. Ёш, навқирон ниҳоллари азамат дарахтларга айланаётган Адиблар хиёбонини кезарканман, мамлакатимизнинг муқаддас, қутлуғ гўшаларини зиёрат қилар эканман,  бир  ҳақиқатни янада теран  англадим. Инсон вужуди тупроққа қайтади, бироқ унинг бедор ва ҳушёр руҳияти ўлмайди! Бугунги кунда бўлаётган улкан воқеликларда бир-биридан жасур, билимли, миллатпарвар замондошларимни кузатиб, ҳаяжонланиб кетаман. Улардан бирининг нигоҳида Чўлпоннинг ёниқ юраги уриб турибди. Бирининг юрагига Усмон Носирнинг ҳайратга тўла мисралари ўз оташи билан кириб бормоқда. Яна бири дадил қадамлари билан худди Файзулла Хўжаев каби улкан мақсадлар сари шайланмоқда. Ана шу руҳият борлиги, тириклигини ҳис қилганим, ижодкор сифатида қалбим буюрган, зиммамга юкланган  вазифани  баҳоли қудрат бажарганим учун ҳам кўнглим бир даражада таскин топади.Улуғ жадид боболаримиз, момоларимиз бугунги кунни интизор кутган эдилар. Шеърий романимизга эса асл баҳони азиз ва қадрли мухлисларимиз беради.

– Бир шеърингизда “Аёллари уйғонмаса, уйғонмас миллат”, деган мисраларингиз бор. Шу маънода, миллат равнақи, келажаги учун жон куйдираётган ҳар бир ўзбек аёли жадид момоларимиз сабоғидан ибрат олгусидир. Тарихимизнинг ўқилмаган бундай саҳифаларини тиклаш йўлидаги ўзига хос бу асарингиз учун сизга раҳмат.

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди